Ижтимоий тармоқларда профилактик эмланган моллар нобуд бўлганлиги тўғрисидаги хабарлар тасдиғини топмади
Ижтимоий тармоқларда Навбаҳор туманида брадзот касаллигига қарши эмлангандан сўнг майда шохли молларнинг нобуд бўлаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Ижтимоий тармоқларда Навбаҳор туманида брадзот касаллигига қарши эмлангандан сўнг майда шохли молларнинг нобуд бўлаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари томонидан ушбу ҳолат жойига чиққан ҳолда батафсил ўрганилди ва қўйидагилар аниқланди.
Хабарда кўрсатилган ҳолат Навбаҳор тумани “Эргаш Ҳусен” фермер хўжалигида содир бўлган. Хўжалик туманнинг Сармиш тоғли ҳудудида жойлашган бўлиб, тасарруфида 800 бош майда шохли мол мавжуд.
Отардаги қўйлар 2019 йил 26 декабрь куни брадзот касаллигига қарши эмланган. Аниқланишича, жорий йил 7 январидан 11 январигача отарда 15 бош қўй ва эчки нобуд бўлган.
Навбаҳор тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассислари томонидан 7 январь куни нобуд бўлган 1 бош эчки ва 1 бош қўй патанатомик ёриб кўрилган. Ёриб кўриш натижаси бўйича ушбу молларда ошқозон-ичак тизимида кучли шамоллаш (катарал ва геморрагик гастроэнтерит) ҳамда катарал пневмония белгилари кузатилиб, патологик намуналар Вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказида текширилиди ва брадзот касаллиги қўзғатувчилари аниқланмади.
Ўрганишлар натижасида “Эргаш Ҳусен” фермер хўжалиги чорва моллари кечаси ва эрталаб яйловда боқилиши, тоғли жойда кечаси ҳарорат -50-70 С гача совиб кетиши, шудринг эрталаб соат 10-11 ларгача сақланиб туриши, ҳар куни совуқ шамол эсаётган паллада сурувнинг очиқ ётоқда сақланиши ҳолатлари аниқланган.
Шу ўринда таъкидлаш керак, бундай ҳолатлар “Эргаш Ҳусен” фермер хўжалиги чорва молларининг баъзиларида шамоллашнинг келиб чиқишига омил бўлган.
Мутахассислар томонидан хўжаликдаги чўпонларга чорванинг қировли ўтни ейиши сабабли ошқозон-ичак тизимида шамоллаш, совуқ ҳавода очиқ ётоқда ётиши сабабли ўпка шамоллаши келиб чиқиши тушунтирилди. Шунингдек, ҳаво ҳарорати пасайганда отарни қўрада сақлаш, эрталабки шудринг эригач, оз миқдорда бўлса ҳам озиқлантириб, кейин яйловга чиқариш тавсия этилди.
Қўйларни эмлашда фойдаланилган препарат “Ҳайвонларнинг клостридиоз касалликларига қарши эмлама” бўлиб, барча кўрсаткичлар, шу жумладан сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича белгиланган меъёр ва талабларга мос бўлиб, тегишли мувофиқлик сертификатига эга.
Ушбу қўйларнинг брадзот касаллигини олдини олиш учун қўлланиладиган эмлама фаолсизлантирилган, зарарсиз эмлама бўлиб, ҳайвон организмига юборилганда касаллик келтириб чиқариш хусусиятига эга эмас.
Алоҳида қайд этиш керак-ки, ижтимоий тармоқларда Навбаҳор туманида брадзот касаллигига қарши эмлангандан сўнг майда шохли молларнинг нобуд бўлаётганлиги тўғрисида хабарлар асоссиз бўлиб, 2019 йилда Навбаҳор туманида 26 минг бошдан ортиқ, жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг бошга яқин майда шохли моллар ушбу касалликка қарши эмланган. Шу кунгача бирор хўжалик молларида асоратлари кузатилмаган.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати