Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Комиссия раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абира Хусейнова бошқарган тадбирда дастлаб вилоят жамоат фондининг 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланган устувор вазифаларнинг бажарилиши ҳамда 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирларни тасдиқлаш масаласи муҳокама этилди.
Таъкидаланишича, 2022 йилда давлат бюджетидан ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари дастур ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағларни тақсимлаш таклифлари тегишли тартибда ишлаб чиқилган ва ижтимоий шериклик комиссияси томонидан муҳокама этилган.
Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан 2022 йил учун жамоат фондига 1 миллиард 50 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар ижтимоий шериклик комиссияси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат грантлари шаклидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун тасдиқланди.
Шунингдек, вилоят жамоат фондининг 2022 йил даромадлар ва харажатлар сметаси Жамоат комиссияси томонидан тасдиқланиб, вилоят молия бошқармасидан рўйхатдан ўтказилди. Йўл харитасининг тегишли бандига асосан тайёрланган таклифлар ҳамда тасдиқланган мавзулар бўйича йил давомида давлат грантлари ажратиш учун 1-2 ва 3- очиқ танловлар эълон қилинди.
[gallery-10405]
Ижтимоий шериклик комиссиясининг 2022 йил 6 апрелдаги қарорига мувофиқ, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ижросини таьминлашда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш” мавзусида давлат гранти ажратиш учун биринчи очиқ танлов ўтказилди. 2022 йил 10 апрелидан 10 май ойигача ўтказилган танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан тақдим этилган 30 дан ортиқ лойиҳалардан 6 таси шериклик комиссиясининг қарори асосида ғолиб деб топилди.
Шунингдек, “Маҳаллаларда аҳоли билан олиб бориладиган ишларда ижтимоий шерикликни кучайтириш” ҳамда “Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда жамоатчилик назоратини амалга ошириш” мавзуларида Давлат гранти ажратиш учун эълон қилинган 2- ва 3-танловларга жами 50 дан ортиқ ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан лойиҳалар қабул қилинди. Шундан 14 та лойиҳа ижтимоий шериклик комиссияси қарорига асосан ғолиб бўлди.
Комиссия кун тартибидаги “Жамоат фондининг 2022 йил давомидаги молиявий-хўжалик фаолияти бўйича тафтиш комиссияси ҳисоботи тўғрисида”ги масалани ҳам кўриб чиқди.
Йиғилишда “Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2023 йилги даромад ва харажатлар сметаси тўғрисида”ги масала муҳокама этилди.
Таъкидланишича, жорий йилдан Президентимизнинг 2022 йил 29 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек, вилоятдаги 12 та миллий маданият марказлари учун давлат субсидияси ажратилди.
Мазкур ташкилотларга субсидия ажратиш юзасидан тегишли тартибда вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси билан ҳамкорликда смета харажатлари ишлаб чиқилди. Натижада Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг 13 та вилоят, шаҳар ва туман бўлинмалари ходимларига (27 киши), Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг 14 та вилоят, шаҳар ва туман бўлинмалари ходимларига (48киши), Ўзбекистон карлар жамияти вилоят бўлими ходимларига (5киши) ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясининг Бухоро вилоят бўлинмаси ходимлари (3киши) иш ҳақи харажатларига жами 1 миллиард 743 миллион 672 минг сўм, 12 та миллий маданият марказларнинг 24 нафар ходими учун иш ҳақи харажатларига 495 миллион 936 минг сўм, вилоят жамоат фонди иш ҳақи харажатларига 210 миллион 932 минг сўм, давлат гранти ажратиш учун 1 миллиард 155 миллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, 2023 йилда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг лойиҳа ва дастурларини давлат грантлари шаклида қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари ҳамда ҳажмлари юзасидан Жамоат фонди давлат гранти ажратиш учун харажатларга 1 миллиард 155 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Йиғилишда жорий йилнинг Давлат гранти ажратиш учун биринчи ва иккинчи очиқ танловларини эълон қилиш мақсадида танловлар мавзуси ва йўналишларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама этилди. Тадбирда кун тартибидаги барча масалалар муҳокама этилиб, комиссиянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА