“Ижтимоий иш” йўналиши битирувчилари билан очиқ мулоқот ўтказилди
Сир эмаски, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими тубдан тараққий этмоқда. Оз фурсат мобайнида соҳада эришилган ютуқлар ижобий ва қувонарли тус олган. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида тадқиқотчиларга ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ мавзулар юзасидан изланишлари учун барча зарур қулайликлар яратилмоқда.
Хусусан, олийгоҳларда ижтимоий иш йўналиши ташкил этилиб, малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари С.Абдуллаев иштирокида 17 та олий таълим муассасасининг мазкур йўналишда таҳсил олаётган битирувчи талабалари ва профессор-ўқитувчилари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида битирувчи талабаларнинг маҳаллаларда ижтимоий ходим лавозимида ишлашга бўлган истак ва қизиқишларини ўрганиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида амалий кўмак бериш, шунингдек таълим, амалиёт ва соҳа ўртасидаги интеграцияни кучайтириш бўйича зарур тушунтиришлар олиб борилди.
Мулоқот мобайнида иш билан таъминлаш ва кадрлар сиёсати, таълим ва амалиёт интеграцияси, илмий-тадқиқот ва академик ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, институционал ҳамкорлик, шунингдек, ижтимоий иш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимига рақобатбардош мутахассисларни жалб этишга қаратилган 25 дан ортиқ таклифлар билдирилди.
Мазкур таклифларни босқичма-босқич амалга ошириш орқали маҳаллаларда ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатини янада кучайтириш мумкинлиги таъкидланди.
Шербек Исломов, ЎзА