Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун суннат тўйи ташкил этилди
Янгиҳаёт туманида меҳр-оқибат ва саховат анъаналарини улуғловчи хайрли тадбир ўтказилди.
Туман «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳамда Халқ демократик партияси ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 12 нафар фарзанди учун суннат тўйи ташкил этилди.

Самимий ва кўтаринки руҳда кечган тадбирда болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун байрам дастури намойиш этилди. Қувноқ куй-қўшиқлар, дилхуш чиқишлар ва байрамона муҳит иштирокчиларга унутилмас онларни тақдим этди.

Бундай хайрли ташаббуслар нафақат эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, балки жамиятда меҳр-шафқат, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Тадбир якунида мутасаддилар ва ҳомийлар томонидан болалар ҳамда уларнинг ота-оналарига эсдалик совғалари топширилиб, эзгу тилаклар билдирилди. Фарзандлар юзидаги қувонч ва ота-оналарнинг миннатдорлик ҳисси тадбирнинг энг қимматли натижаси бўлди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА