Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Республиканинг 28 та тумани (шаҳар)да, эксперимент тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар кўрсатадиган хизматлар ва ёрдамларнинг янги тизими йўлга қўйилади.
Қарор билан 2023 йил 15 октябрдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар кўрсатадиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, муҳтож шахснинг сўровномасини талаб этмаган ҳолда хизмат ва ёрдамлар кўрсатиладиган ҳолатлар ҳамда унинг номидан сўровнома (ариза) киритиш йўли билан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар рўйхати тасдиқланди.
Унга мувофик, 2023 йил 15 октябрдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида бир йилда камида бир маротаба туман тиббиёт бирлашмаси билан келишилган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга маиший хизмат кўрсатиш ҳолати, шунингдек, васийликка, ҳомийликка, оилага тарбияга (патронат) ҳамда оилавий болалар уйига берилган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, уларнинг турмуш шароитлари ҳамда тарбияланиши мониторинг қилиб борилади.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ёрдам кўрсатилган ҳамда ҳимоя ордери берилган шахслар ижтимоий ходимлар томонидан олти ой давомида хонадонига ташриф буюриш орқали сайёр мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилади.
Ижтимоий ходимлар томонидан болаларга уйда якка тартибда таълим берилиши ҳамда ўзининг ҳудудида жойлашган умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилганлиги ҳолатлари мониторинг қилинади.
Ижтимоий ходимларга фуқаролардан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича аризаларни қабул қилиш ваколати берилади.
Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига, шу жумладан, ижтимоий ходимларга ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларига монеликсиз кириш ҳуқуқи берилади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун алоҳида вақтинчалик бошпаналар (шелтерлар) фаолияти йўлга қўйилади. Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида алоҳида вақтинчалик бошпаналар (шелтерлар)га жойлаштириш “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари директорлари қарорлари асосида амалга оширилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб I гурух ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, даволаш муассасасининг хулосасига кўра ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари ижтимоий ходимлар томонидан бир йилда бир маротаба ўрганилади ва ўрганиш маълумотлари “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юритиб борилади.
“Ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимидаги “қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғрисидаги электрон маълумотлар” қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади.
Шунингдек, 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар эксперимент тариқасида йўлга қўйиладиган туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади.
2024 йил 1 январга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқишга мўлжалланган “ишонч телефони” ишга туширилади.
ЎзА