Ижро ҳаракатларининг самараси юқори бўлмоқда
Боёвут туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда бюронинг туман бўлими раҳбари Баҳром Одилов 2025 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Унинг таъкидлашича, ҳисобот даврида бўлим иш юритувига жами 21 301 та ижро ҳужжати келиб тушган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 289,1 миллиард сўмни ташкил этган. Шундан 15 434 та ҳужжат (148,1 млрд сўм) тўлиқ ижро этилган, 9 250 та ҳужжат (62,1 млрд сўм) бўйича эса ундириш ишлари якунига етказилган.

Ижро ҳаракатлари натижасида давлат фойдасига 62,1 миллиард сўмлик 4 147 та ҳужжат, солиқ идоралари фойдасига 12,7 миллиард сўмлик 1 769 та ҳужжат, тижорат банклари фойдасига 4,4 миллиард сўмлик 718 та ҳужжат, корхона ва ташкилотлар фойдасига эса қарийб 25 миллиард сўмлик 2 168 та ҳужжат ижро қилинган. Шунингдек, электр, газ ва сув таъминоти корхоналари манфаатига тегишли 400 дан ортиқ ижро ҳужжати амалий ечимини топгани қайд этилди.
Баҳром Одиловнинг таъкидлашича, мажбурий ижро тизими фақат қонун талабларини бажариш билан чекланмайди. Унинг аҳамияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ва жамоат ташкилотлари учун иқтисодий самарадорликни таъминлашда ҳам намоён бўлади.
Матбуот анжуманида, шунингдек, ижро жараёнида замонавий технологиялар ва электрон платформалардан самарали фойдаланиш, мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳоли учун қулайлик яратиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан очиқ мулоқотнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири