Ижоднинг аёлларга хос оҳанги
Бугун миллий адабиётимиз равнақи йўлида аёл-қиз ижодкорлар ҳам самарали меҳнат қилиб, адабий жараённинг мазмунан бойиши ва ранг-баранглигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўзбек шоира ва адибаларининг ижодини жамлаган «Дориламон кунлар келди» номли антология тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур антология Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган бўлиб, унда ўзбек хотин-қизларининг адабиётдаги ўрни, ижодий изланишлари, бадиий тафаккури ва миллий адабиёт ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси кенг намоён этилган.
Кўп йиллардан буён шоира ва адибалар ижодини бир китобда жамлаш ғояси адабиёт аҳли учун эзгу ниятлардан бири бўлиб келган. «Дориламон кунлар келди» антологиясининг нашр этилиши ана шу эзгу ниятнинг амалий ифодаси бўлди.
Тўпламдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган ижодкор аёллар ўрин олган. Антологияда авлодлар давомийлиги ва ижодий ворислик тамойилига алоҳида эътибор қаратилган. Унда 110 нафар шоира ва 31 нафар адибанинг ижод намуналари жамланган. Китобдан ўзбек назми ва насрида муносиб ўрин эгаллаган устоз ижодкорлар билан бир қаторда, бугун адабиёт майдонида ўз овози ва услубига эга бўлиб бораётган ёш қалам соҳибаларининг асарлари ҳам ўрин олган.
Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо, уюшма раиси ўринбосари, шоира Фарида Афрўз ва бошқалар антологиянинг адабий жараёндаги аҳамияти, унда жамланган ижодкорларнинг ўзига хослиги ҳамда бундай нашрларнинг миллий адабиёт тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр билдирди.
Тадбир давомида уюшма аъзолари янги китобнинг аҳамияти, унда жамланган ижод намуналари, шунингдек, мамлакатимизда аёл-қиз ижодкорларга яратилаётган имкониятлар хусусида батафсил сўз юритди.
[gallery-31370]
«Дориламон кунлар келди» антологияси нафақат бугунги ўзбек адабиётида хотин-қизлар ижодининг салмоғини кўрсатувчи муҳим нашр, балки турли авлод вакилларини бир адабий маконда бирлаштирган маънавий-ижодий хазина сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Антологиянинг нашр этилиши ўзбек адабиётида шоира ва адибалар ижодини кенг тарғиб қилиш, уларнинг адабий меросини асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Тақдимот якунида «Дориламон кунлар келди» антологияси тадбир иштирокчиларига туҳфа қилинди.
Айтиш керакки, ушбу тўпламда жамланган асарлар ўзбек аёлининг қалб дунёси, орзу-интилишлари ва ҳаётга муносабатини бадиий ифода этгани билан ҳам эътиборлидир. Китоб саҳифаларида турли давр вакилларининг ижодий тажрибаси уйғунлашиб, адабий анъана ва янгиланишнинг ўзига хос манзараси намоён бўлади.
Бу каби антологиялар адабий жараёндаги номларни бир жойга жамлаш баробарида, уларнинг ижодини кенг китобхонлар оммасига яқинлаштиришга хизмат қилади. Айниқса, ёш шоира ва адибаларнинг устоз ижодкорлар билан бир тўпламдан жой олгани адабий ворисликнинг муҳим кўринишларидан биридир.
«Дориламон кунлар келди» номи ҳам бугунги ижодкор аёлларнинг эркин фикри, юксак орзу-умидлари ва яратувчан руҳини ўзида мужассам этган. Ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур антология миллий адабиётимиз хазинасини яна бир муҳим нашр билан бойитиб, келгуси авлод ижодкорлари учун ҳам муносиб адабий манба бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (суратлар), ЎзА