Ижодкорлар учун катта имтиёзлар: Уй-жой, ижара пули ва бепул тиббий хизматлар жорий этилди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Эндиликда ҳар йили 1 минг нафар шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат вакиллари, музей ходими ва рассомларга уй-жой олиш учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Ижодий ташкилотлар, маданият ва санъат муассасаларига бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган соҳа вакиллари ҳам кўп. Бугундан бошлаб уларга уй-жой ижараси учун Тошкент шаҳрида ойига 2,5 миллион сўмгача, вилоятларда 1 миллион 600 минг сўмгача харажатини қоплаб бериш йўлга қўйилади.
Ҳар йили фаолиятида яхши натижага эришган 1 минг нафар соҳа ходими давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан бепул даволанади. Яна 2 минг нафар ижодкорга давлат томонидан тиббий суғурта пакети тақдим этилади. Камида 10 йил ишлаган ходимларга санаторийларига бепул йўлланма берилади.
15 июньдан халқ артисти, халқ шоири, халқ ёзувчиси каби юксак фахрий унвонга эга ижодкорларнинг аэропорт ва вокзаллардаги ВИП заллардан бепул фойдаланиши таъминланади.
ЎзА