Ижодкорлар меҳнатининг юксак эътирофи
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган самарқандлик ижодкорларга орден ва медалларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Фармонга кўра, кўп йиллик самарали илмий-ижодий фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий маънавиятимизни бойитиш, асрий анъаналаримиз, бой меросимизни асраб-авайлаш ва Янги Ўзбекистонни жаҳон миқёсида тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, моҳир ганчкор уста Шаҳобиддин Амриддинов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Каттақўрғон тумани маданият бўлимига қарашли “Зарафшон” ашула ва рақс халқ дастаси бадиий раҳбари Мансур Худайбердиев ҳамда Каттақўрғон шаҳар драма театри актёри Ўткиржон Очилов “Дўстлик” ордени билан, Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов, “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси директори Масуд Самибоев ҳамда Самарқанд вилояти мусиқали драма театри бош режиссёри Шуҳрат Санақулов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Маросимда иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев мукофотланганларни табриклаб, мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш, бой тарихий-меросимизни асраб-авайлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, эзгулик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Хусусан, Самарқанд азалдан йирик маданият, илм-фан маркази сифатида наинки юртимиз, балки жаҳонда ҳам ўз муносиб ўрнига эга бўлгани, аждодларимиз анъаналари бугун ҳам истеъдодли маданият ва санъат ходимлари, олимлар, илғор зиёлилар томонидан муносиб давом эттирилаётганини таъкидлади. Вилоят ҳокими давлатимиз раҳбари номидан мукофотларни ўз эгаларига топшириб, уларнинг ижодий-илмий ишларига муваффақият тилади. Маросимда самарқандлик фаоллар, давлат мукофоти билан тақдирланган юртдошларимиз сўзга чиқиб, 6 нафар ижодкорнинг юксак орден ва медалларга муносиб кўрилгани самарқандлик барча маданият ва санъат ходимлари меҳнатининг юксак эътирофи эканлигини таъкидлаб, Президентимизга миннатдорлик билдирди.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва йўналишлар каби тарих ва маданий меросимизни ўрганиш, кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти директори, “Шуҳрат” медали соҳиби Мўминхон Саидов. – Бизнинг институтимиз олдига ҳам бу борада муҳим вазифалар қўйилиб, жумладан, Самарқанднинг уч минг йилликдан ортиқ тарихга эгалигини исботлаш, Соҳибқирон Амир Темурнинг Кўксарой арки ўрнини топиш, буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жойни аниқлаш борасида қимматли маълумотлар тўплашга эришдик.
[gallery-29695]
Яна кўплаб тарихий масканларда археологик тадқиқот ишлари олиб боряпмиз. Менга берилган мукофот ана шу ишларда фидойилик кўрсатаётган институтимиз барча ходимлари хизматлари эътирофи деб биламан.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА