Эътирофга муносиб меҳнат
Юртимизда маданият ва санъат аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор уларнинг ижодга бўлган меҳри ва масъулиятини янада оширмоқда.
Ана шу юксак эътирофнинг яна бир ифодаси сифатида жиззахлик бир гуруҳ маданият ва санъат намояндалари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 майдаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони маданият соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётган ижод аҳли учун катта рағбат бўлди. Унда миллий маданиятимизни юксалтириш, маънавий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлод қалбига Ватанга муҳаббат ва эзгулик туйғуларини сингдириш йўлида фидокорона хизмат қилган соҳа вакилларининг меҳнати муносиб қадрланди.

Қувонарлиси, мукофотланганлар орасида жиззахлик ижодкорлар ҳам бор. Жиззах вилояти мусиқали драма театри артисти Раиса Абдуллаева “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган бўлса, Фориш тумани маданият бўлими мудири Махмуд Нарказаков “Дўстлик” орденига муносиб кўрилди.

Тақдирлаш маросимида сўз олган Раиса Абдуллаева бу юксак эътирофни санъат аҳлига бўлган ишонч ва эътибор намунаси сифатида қабул қилишини таъкидлади. — Саҳна мен учун ҳаёт мактаби, халқ эса энг олий ҳакам, — деди санъаткор. — Томошабин меҳрини қозониш осон эмас. Бу мукофот менга янада катта масъулият юклайди.
Кўп йиллардан буён маданият соҳасида самарали фаолият юритиб келаётган Маҳмуд Нарказаков эса мукофотни бутун соҳа ходимларининг меҳнатига берилган баҳо сифатида қабул қилишини айтди. — Маданият одамларни қалбан яқинлаштиради, — деди у. — Энг катта мақсадимиз ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва уларнинг истеъдодини қўллаб-қувватлашдан иборат. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди. Маросимда соҳанинг фидойи вакиллари, нуронийлар, ижод аҳли ҳамда ёшлар иштирок этди.

Бугун Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатга қаратилаётган эътибор нафақат ижодкорларни руҳлантирмоқда, балки миллат маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА