Ижодий аукционда болалар асарлари сотилди
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Сирдарё вилоятида ўтказилган ижодий аукцион ёш истеъдодларга бўлган юксак эътибор ва амалий рағбатнинг ёрқин намунаси бўлди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда вилоятдаги 15 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг рассомлик ва амалий санъат намуналари намойиш этилди.
Аукционда жами 76 нафар ўқувчи томонидан яратилган расмлар, сувенирлар ва амалий санъат асарлари харидорларга тақдим этилиб, улар 234 миллион 300 минг сўмга сотилди. Бу кўрсаткич ёш ижодкорларнинг меҳнатига берилган юксак баҳо бўлиш билан бирга, уларнинг ижодий салоҳиятига бўлган ишонч тобора ортиб бораётганини ҳам яққол намоён этди.
Аукцион жараёнида бир қатор ташкилотлар ва масъуллар фаол иштирок этишди. Жумладан, “Бек кластер” МЧЖ вакили Тоҳир Эштаев 1 та суратни 25 миллион сўмга, “Сардоба Кластер” МЧЖ вакили Қаҳрамон Эргашев эса 7 та суратни 50 миллион сўмга харид қилди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Қушоқов 5 миллион сўмлик, вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Алишер Ҳидиров эса 8 миллион сўмлик ижодий асарларни сотиб олди.
Мутасаддилар таъкидлашича, мазкур ташаббуснинг асосий мақсади фақат асарларни сотиш эмас, балки болаларнинг истеъдодини қўллаб-қувватлаш, уларни янги ижодий марралар сари руҳлантиришдан иборат. Чунки ҳар бир асар ортида болаларнинг меҳнати, изланиши ва орзу-умидлари мужассам.
[gallery-29758]
Бугунги кунда ёшлар ижодини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятини юзага чиқариш давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, бу каби аукционлар ёш ижодкорларга ўз имкониятларини намоён этиш, меҳнати эътироф этилаётганини ҳис қилиш ва келажакка ишонч билан қараш имконини беради.
Энг муҳими, вилоятда ташкил этилган мазкур аукцион ёш истеъдодларга қаратилаётган юксак эътибор ва ишончнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА