Қўқон давлат педагогика институтида ижарада турувчи талабаларни тизимли назорат қилувчи мобиль смартфон ва планшетлар учун “QDPI IJARA” деб номланган махсус илова яратилди.
Мазкур олий таълим муассасасида бугунги кунда 8 мингдан ортиқ йигит-қиз таҳсил олаётган бўлиб, уларнинг 608 нафари талабалар ётоқхонасида туради. 1 минг 520 нафари эса ижарада яшайди. Бошқа жойларда бўлгани каби бу ерда ҳам талабаларни тураржой билан таъминлаш, ижарада яшовчи талабалар билан индивидуал ишлашда ўз ечимини кутаётган муаммолар бор.
Мазкур ишлар доирасида янгиликка қўл урилиб, электрон илова яратилди. Илова ижарада яшайдиган талабалар ҳақида тўлиқ маълумот олиш, уларнинг манзилларини харитада кўрсатиб бериш, ижара манзилига қадар бошлаб бориши билан талабаларнинг устоз-мураббийлари, ота-оналари, институт раҳбарияти учун беминнат ёрдамчи бўлди.
Илова ҳозирча Android тизимида ишловчи қурилмалар учун мўлжалланган бўлиб, тез кунларда унинг IOS операцион тизимлари учун версияси ҳам фойдаланишга тақдим этилиши режалаштирилган. “QDPI IJARA” иловасини Қўқон давлат педагогика институти расмий сайтидан юклаб олиш мумкин.
М. Сулаймонов, ЎзА