Ижара бозорида Тошкент етакчи, энг паст кўрсаткич Сирдарё, Навоий ва Жиззахда
Ўзбекистонда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бирига айланмоқда. Айниқса, ижара хизматлари бозорида кузатилаётган ўсиш аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу хизмат турига бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь–май ойларида ижара хизматлари ҳажми 6,4 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,6 фоизга кўп.
Мутахассислар фикрича, ижара бозоридаги фаолликнинг ортиши аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи, шаҳарларга ички миграциянинг кучайиши, хизмат кўрсатиш соҳасининг кенгайиши ҳамда бизнес субъектларининг офис ва ишлаб чиқариш биноларига бўлган талаби ошиши билан боғлиқ.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда беш ой давомида 2,5 триллион сўмлик ижара хизматлари кўрсатилган бўлиб, бу республика умумий ҳажмининг қарийб 39 фоизини ташкил этади.
Тошкент вилоятида 668,7 миллиард сўм, Самарқанд вилоятида эса 601,8 миллиард сўм, Фарғона вилоятида 399,6 миллиард сўмни ташкил этган.
Андижон вилоятида эса 349,1 миллиард сўм қайд этилди. Шунингдек, Бухоро (338,6 млрд сўм) ва Қашқадарё (325,7 млрд сўм) вилоятларида ҳам ижара хизматлари бозори нисбатан фаол бўлган.
Энг паст ҳажмлар эса Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида кузатилди. Жиззах вилояти 124,1 миллиард сўмни, Навоий вилоятида эса 113,9 миллиард сўмни, Сирдарё вилоятида 112,2 миллиард сўмни қайд этган.
Бу ҳудудларда аҳоли зичлиги нисбатан пастлиги, йирик шаҳарлар сонининг камлиги ва ижара бозорининг ҳали тўлиқ шаклланмагани асосий омил сифатида кўрсатилмоқда.
Ижара хизматлари ҳажмининг 17,6 фоизга ўсиши мамлакатда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айланиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, кўчмас мулк ижараси, махсус техника ва транспорт воситалари ижараси, савдо ва офис бинолари ижараси каби йўналишларда талаб юқори бўлиб қолмоқда.
Тошкент шаҳрининг юқори улуши пойтахтда иқтисодий фаолликнинг концентрациялашгани, янги бизнес марказлари, турар жой мажмуалари ва савдо объектлари сони ортиб бораётгани билан изоҳланади. Самарқанд вилоятидаги юқори кўрсаткич эса туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасининг жадал ривожланаётгани билан боғлиқ.
Фарғона водийси вилоятларида ижара бозорининг ўсиши аҳоли сони кўплиги ва тадбиркорлик фаоллигининг юқори экани билан изоҳланади. Бу ҳудудларда савдо объектлари, ишлаб чиқариш бинолари ва уй-жой ижарасига талаб барқарор сақланмоқда.
Нимага эътибор қаратиш керак?
Ижара бозорининг жадал ўсиши бир қатор масалаларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда. Хусусан, ижара шартномаларини расмийлаштириш даражасини ошириш, солиқ ҳисобини шаффоф юритиш, ижарачилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уй-жой ижараси бозорида нархлар барқарорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассислар келгуси ойларда ҳам ижара хизматларига бўлган талаб юқори сақланишини прогноз қилмоқда. Айниқса, йирик шаҳарларда қурилиш лойиҳаларининг кўпайиши ва хизмат кўрсатиш соҳасининг кенгайиши бозор ҳажмини янада ошириши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА