Сирдарё вилоятидаги 71-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларнинг таълим ва тарбияси масалалари муҳокама қилинди. Тадбир Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилояти бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Йиғилишда таълим ва тарбия жараёнларини самарали ташкил этишда йўл қўйилаётган айрим камчиликлар, янги 2025–2026 ўқув йилига тайёргарлик ишларининг ҳолати ҳамда педагоглар фаолиятидаги долзарб масалалар муҳокама марказида бўлди.

Маълум бўлишича, айрим ўқув режаларидаги хатолар ўз вақтида бартараф этилмаган, баъзи мутахассислар фаолиятида масъулиятсизлик ва ички назоратнинг сустлиги кузатилган.
– Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад — ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни чуқур таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилашдан иборат, – деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бўлим мудири Наргиза Турдимуродова. – Бу орқали биз таълим сифати ва тарбия жараёни самарадорлигини ошириш, ҳар бир бола учун қулай ва соғлом муҳит яратишни мақсад қилганмиз.

Йиғилишда таълим муассасаси раҳбарияти ҳамда педагогик жамоа аъзоларига болалар билан ишлашда эҳтиёткорлик, инсонпарварлик ва касбий этикага қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш ва педагоглар малакасини ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир якунида таъкидланганидек, бундай муҳокамаларнинг асосий мақсади танқид эмас, балки ҳамжиҳатликда фаолиятни такомиллаштириш, ҳар бир боланинг келажаги учун барча имкониятларни яратишдан иборатдир.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим-тарбия олиши учун қулай муҳит яратиш “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар эса нафақат таълим, балки ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА