Қонунчиликда умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ихтирочиликка қадам” лойиҳалар танловини ўтказиш ҳамда ушбу танлов ғолибларининг лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.
АОКАда ўтказилган брифингда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров “Ихтирочиликка қадам” лойиҳалар танловини ўтказиш тартиби хусусида маълумот берди.
Мутахассисга кўра, танлов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари, жумладан, Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар, давлат ва нодавлат умумтаълим мактабларининг 5–11-синф ўқувчилари ўртасида иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни ўзлари қизиққан соҳаларга йўналтириш, илмий-техник ижодкорлиги ва ихтирочилигини рағбатлантириш, инновацион фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилади.
Танлов ҳар йили мактаб ўқувчилари ўртасида таълим, ахборот технологиялари, яшил энергия, экология, иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда тўрт босқичда бўлиб ўтади. Танловда иштирок этиш истагида бўлган ўқувчиларнинг “ixtirochi.piima.uz” махсус онлайн платформасидан рўйхатдан ўтиши талаб этилади. Иштирокчилар индивидуал ёки жамоа сифатида иштирок этиши мумкин. Бунда жамоа аъзоларининг сони 3 нафардан ошмаслиги лозим.
2024/2025-ўқув йилида “Ихтирочиликка қадам” танловида иштирок этиш учун умумий ўрта таълим муассасаларидан жами 8 минг 319 та лойиҳа иши рўйхатдан ўтказилди. Шунга кўра, 2024 йилнинг 24- 25- 26-октябрь кунлари “Ихтирочиликка қадам” танловининг биринчи (мактаб) босқичи, 12- 13- 14-декабрь кунлари иккинчи (туман/шаҳар) босқичи ташкил этилди. Жами иштирокчилар орасидан 1 минг 537 та лойиҳа иши танловнинг иккинчи (туман/шаҳар) босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Жорий йилнинг 28 февраль – 1 март кунлари танловнинг учинчи (ҳудудий) босқичи ташкил этилди. Бунда танловнинг биринчи (мактаб) босқичида ғолиб деб топилган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг жами 204 та лойиҳа иши, танловнинг иккинчи (туман/шаҳар) босқичида ғолиб деб топилган умумий ўрта таълим ва нодавлат таълим муассасаларининг 489 та лойиҳа иши танловнинг учинчи (ҳудудий) босқичида иштирок этиш учун тавсия этилди.
Шунга кўра, танловнинг учинчи (ҳудудий) босқичида жами 693 та лойиҳа иши иштирок этди. Танловнинг ҳудудий босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олган ўқувчилар рўйхати “ixtirochi.piima.uz” сайтига жойлаштирилди.
Танловнинг тўртинчи (республика) босқичи жорий йил май ойининг учинчи ўн кунлигида ўтказилиши режалаштирилган. Республика босқичида энг юқори натижа кўрсатган 3 та лойиҳа иши Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан амалиётга татбиқ этиш учун тавсия қилинади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА