Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказишни аутсортинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказишни аутсорсинг асосида ташкил этишда:
жисмоний ва юридик шахслар энг яхши таклифларни танлаш орқали жалб этилади;
аутсорсинг шартномаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси ва жисмоний ёки юридик шахс ўртасида тузилади;
аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш бўйича шартнома буюртмачи ва аутсорсер ўртасида патент бериш ҳақидаги ҳар бир талабнома учун алоҳида тузилади;
аутсорсинг асосида хизмат нархи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган иш юкламалари ва вақт сарфи меъёрлари ҳамда патент бериш ҳақидаги талабнома экспертизаси мураккаблигидан келиб чиқиб, буюртмачи томонидан шакллантирилади ҳамда бошлангич нархнинг асослиги учун буюртмачи жавобгар ҳисобланади;
аутсорсинг асосида кўрсатиладиган хизматлар буюртмачи ҳисобидан молиялаштирилади.
Қарор билан Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
аутсорсинг татбиқ этиладиган ҳолатлар;
аутсорсерни танлаш, у билан шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқари ва мажбуриятлари;
аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш тартиби белгилаб берилган.
Маълумот учун. Олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон Фармони билан тасдиқланган Адлия органлари фаолиятини трансформация қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва норма ижодкорлигини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасининг 18-бандида ихтиро ва фойдали модель ҳамда саноат намуналарини ўуйхатдан ўтказиш талабномалари бўйича ўтказиладиган давлат экспертизаси жараёнларига аутсорсинг усулларини жорий қилиш белгиланган эди.
ЎзА