Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълумотига кўра, И.Савицкий номидаги Нукус музейи директори лавозимига танлов ғолиби Тигран Мкртичев ўз вазифасига 2021 йил 2 январдан киришади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августдаги "Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш, музейларни янгилаш ва амалиётга жорий этиш, Ўзбекистон музейларида ходимларни раҳбарлик лавозимларига жалб этиш мақсадида Жамғарма томонидан И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи директори лавозимига очиқ халқаро танлов ташкил этилди.
Танлов Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар фуқаролари ўртасида ўтказилди. Номзодга санъат тарихи, музей иши, археология ва музей антропологияси ёки бошқа тегишли соҳада илмий даража мавжудлиги, маданият муассасасида маъмурий ва бошқарув лавозимларида камида тўрт йиллик иш тажрибага эга бўлиш каби асосий талаблар қўйилди.
Танловнинг биринчи босқичи натижаларига кўра, Германия, Россия, Қозоғистон ва Қорақалпоғистондан 6 нафар номзод ўтди. Иккинчи якуний босқичда номзодлар ўзларининг тақдимотларини экспертлар кенгашига тақдим этди ва Нукус шаҳридаги музейда суҳбатдан ўтди. Танлов якунида Москвадаги Рерихлар музейи (Шарқ халқлари давлат санъат музейининг филиали) директори Тигран Мкртичев ғолиб, деб топилди.
Савицкий музейининг янги раҳбари Ўзбекистонда таълим олган – Тошкент давлат университети Марказий Осиё археологияси бўлими битирувчиси.
Т.Мкртичев экспедицияларда Галина Пугаченкованинг раҳбарлигида Самарқанд вилоятидаги Орлат шаҳарчасида аспирант сифатида қатнашган. Шарқ давлат музейида ишлаётганда у Ўрта Осиё археологик экспедициясига раҳбарлик қилди (Дўрмонтепа шаҳарчаси, Самарқанд вилояти; Варахша, Бухоро вилояти), шунингдек, Э.Ртвеладзе (Кампиртепа шаҳарчаси) бошчилигидаги Тоҳаристон археологик экспедицияси Шарқ давлат музейи отряди раҳбари ва Сенгим (Хитой) шаҳарчасидаги Ҳиндистон санъати музейи (Берлин) археологик миссиясининг раҳбари бўлган.
Тигран Мкртичев “I-Х асрларда Марказий Осиёнинг Будда санъати" мавзусида санъатшунослик доктори илмий даражасига эга ва "V-Х асрларда қадимги одамлар космологияси ва унинг Марказий Осиё санъатида акс этиши" мавзусида санъатшунослик фанлари номзоди. У 1994 йилдан 2008 йилга қадар Бухоро, Самарқанд, Термиз ва бошқа шаҳарларида ўтказилган бир қатор археологик экспедицияларнинг раҳбари бўлган.
Тигран Мкртичев директорлик фаолиятини И.В.Савицкий музейи коллекциясини ўрганиш бўйича Халқаро кенгашни тузишдан, шунингдек таниқли рассомлар, сиёсатчилар ва бизнес вакилларини ўз ичига олган халқаро ҳомийлик кенгашини яратишдан бошлайди.
Музей ишининг асосий устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади: халқаро кўргазма лойиҳалари тақвимини яратиш, музей кўргазма майдонларини модернизация қилиш, ходимларнинг касбий даражасини ошириш, илғор музей технологияларини жорий этиш, инклюзивлик муҳитини яратиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, музейнинг фондини яратиш ва бошқа дастурлардир.