Истиқлол айёми кўтаринки кайфиятда қарши олинмоқда
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Бир Ватан, бир халқ, бир мақсад» ғояси асосида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Туманнинг Бирлашган маҳалласида «Мустақиллик тўйи» фестивали ва «Кинокарвон» лойиҳаси доирасида аҳоли учун мазмунли маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Гулистон тумани бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбир маҳалла аҳли учун ҳақиқий байрам шукуҳига айланди. Унда турли ёшдаги аҳоли вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва маҳалла фаоллари иштирок этиб, истиқлол айёмини кўтаринки кайфиятда қарши олдилар.

Байрам дастуридан халқ сайили, спорт мусобақалари, китобхонлик акциялари ва маданий-маърифий чиқишлар ўрин олди. Бу жараёнларда аҳолининг фаол иштироки тадбирга янада файз бағишлади. Айниқса, турли авлод вакилларининг бир даврада жам бўлиб, байрам қувончини баҳам кўраётгани маҳалладаги аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлади.
Тадбир давомида Мустақилликнинг халқимиз ҳаётидаги беқиёс аҳамияти, юрт тинчлиги ва осойишталигининг қадри, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. «Бир Ватан, бир халқ, бир мақсад» ғояси эса барча тадбир иштирокчиларини эзгу мақсадлар атрофида янада жипслаштирди.

Байрамга туман Маданият марказининг хушовоз хонандалари Ўткирбек Исоқов ва Ҳасан Рисқулов ижросидаги дилбар куй-қўшиқлар янада файз бағишлади.
«Кинокарвон» лойиҳаси доирасида Ватан мавзусидаги фильм намойиш этилгани ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Кино орқали Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, фидойилик ва юрт тақдирига дахлдорлик ғояларининг тарғиб этилиши тадбирнинг маънавий мазмунини бойитди.


Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Гулшан Сангирова ҳам байрам тадбири ҳақида ўз фикрларини билдирди:
— Мустақиллик байрами халқимиз учун энг улуғ ва қадрли айёмлардан бири. Уни маҳаллада биргаликда, кўтаринки руҳда нишонлаш ўзгача таассурот қолдиради. Бугун ёшлар ҳам, катталар ҳам фаол иштирок этишди. Барчага байрамона кайфият улашган ташкилотчилардан миннатдормиз. Айниқса, маҳалла аҳлини бир давра атрофида жамлаб, мазмунли маданий дастурлар тақдим этаётганимиз қувонарли. Бундай тадбирлар одамларга яхши кайфият бағишлаш баробарида, маҳаллада аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири