Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида олимдан то деҳқонгача, оддий ишчидан то зиёлиларгача – барча қатламнинг, каттаю кичикнинг кўнглидаги гаплар акс этганлиги боис турли давраларда ҳамон суҳбатларнинг бош мавзуси бўлиб турибди.
Айниқса, унда белгилаб берилган устувор вазифалар Ватанимиз тараққиётини таъминлаш ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уларнинг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулият ва жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу ишлар давлат хизматчилари зиммасига улкан масъулият юклайди. Ҳақиқатан, раҳбарларнинг кўп вақти натижасиз мажлислар ўтказишга совурилиб, жойлардаги муаммолар эса қолиб кетяпти. Шу боис мазкур масалалар бугун кун тартибидан ўрин олди.
Ислоҳотларни амалга ошириш, хусусан, Мурожаатномадаги вазифаларнинг ижросини таъминлашда фуқаролик давлат хизматининг муҳим ўрни бор. Бу борада коррупцияга муросасизликка эътибор қаратилиб, давлат хизматчиларини ишга қабул қилишда инсон омили кескин камайтирилди. Кадрларнинг касбга оид сифатларини ва алоҳида хизматларини одилона ҳамда объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятлиларини давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда, шунингдек, уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилиб боришини таъминловчи меритократия тамойили кенг жорий этилмоқда.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан ўтган йилда тажриба тариқасида 4 та давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд бўш (вакант) лавозимларга очиқ мустақил танловлар ташкил этилди. 27 та вакант лавозимлар учун танловлар эълон қилиниб, шаффофлик асосида салоҳиятли кадрлар танлаб олинди. 35 та ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг сон ва сифат таҳлили НR-метрика технологияси бўйича таҳлил қилинди. Вилоятдаги сектор раҳбарлари фаолиятини 15 та индикатор кўрсаткичли рейтинг баҳолаш тизими бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш борасида Фарғона вилояти паспорти ишлаб чиқилди. Шунингдек, туман –шаҳар ҳоким ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш бўйича ўрнатилган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари юзасидан 105 нафар ҳоким ўринбосарлари билан сўровнома ўтказилди. Аҳолининг маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг йиллик фаолиятидан қониқиш даражасини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш юзасидан ҳам фуқаролар билан сўровнома ташкил этилди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида давлат фуқаролик хизматида меҳнат қилаётган ёшларга янада эътибор кучайтирилади. Бу бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Ҳозирда вилоятдаги 10 та олий таълим муассасалари кесимида давлат фуқаролик хизматига иқтидорли ёш талабалар, магистрантлар ва ёш илмий тадқиқотчилар орасидан захира базаси шакллантирилди. Шунингдек, истиқболли кадрлар селекцияси бўйича Фарғона тажрибаси лойиҳаси доирасида тақдимот тайёрланди. Ҳозирда ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликда “Лидерлар мактаби”ни ташкил этиш хусусида иш олиб бормоқдамиз. Иқтидорли битирувчи ёшларни “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юборишни режалаштирганмиз.
Янги Ўзбекистон тараққиётининг бугунги даврида истеъдодли, билимли, юксак салоҳиятли кадрларнинг катта роли ва ўрни бор. Шу боис ҳам Президентимизнинг Мурожаатномасидаги вазифа ва мақсадларни амалга оширишда бор куч-ғайратимизни сафарбар этиб, эл корига камарбаста бўламиз.
Саидфарруҳ Исломов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Фарғона вилояти филиали раҳбари.
ЎзА