Истиқболли лойиҳалар, янги ташаббус ва ғоялар халқимиз фаровонлигининг асосидир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 30 январь куни Жиззах вилоятига келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 30 январь куни Жиззах вилоятига келди.Халқимиз давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифини алоҳида қизиқиш билан кузатиб боради. Зеро, бу каби ташрифлар чоғида оддий одамлар дилидаги гаплар айтилади, ҳаётий муаммоларга ечим топилади, янги ташаббуслар, ғоялар амалга ошишига туртки берилади.
Президентимизнинг Жиззах вилоятига бу галги ташрифи ҳам ана шундай кўтаринки руҳда бошланди.
Шавкат Мирзиёев дастлаб Фориш туманида атом электр станциясини қуриш учун муҳандислик тадқиқотлари олиб борилаётган майдонлардан бирини кўздан кечирди.
Маълумки, тинч мақсадларда фойдаланиш учун мамлакатимизда илк бор атом электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилган. Хорижий лойиҳалар сони ва кўлами бўйича жаҳонда биринчи ўринда турадиган «Росатом» корпорацияси билан келишувга эришилган.
Ушбу станция ҳар бири 1 минг 200 мегаватт қувватга эга иккита, "3+" авлодига мансуб энг замонавий ва хавфсиз энергия блокидан иборат бўлади. Улар Халқаро атом энергияси агентлигининг барча хавфсизлик талабларига жавоб беради.
Атом электр станциясининг ишга туширилиши натижасида миллиардлаб куб метр табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага карбонад ангидрид чиқарилиши йилига 14 миллион тоннагача, азот оксидлари чиқарилиши 36 минг тоннага камаяди. Атом энергияси экологик тоза бўлиб, ис гази ҳосил қилмайди.
Президентимиз тадқиқот ишларининг бориши билан қизиқди, «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» корпорацияси раҳбарлари билан суҳбатлашди.
Бу улкан лойиҳа Россия билан стратегик шериклигимизнинг янги йўналиши. Мамлакатимиз саноати ривожланяпти, аҳоли сони ўсяпти. Ҳали олдинда яна катта режаларимиз бор. Булар учун барқарор энергия таъминоти керак. Атом электр станцияси энергия манбалари чекланган шароитда ана шундай имконият яратади, иқтисодиётни ривожлантиришга, одамларни иш билан таъминлашга хизмат қилади, деди давлатимиз раҳбари.
Атом электр станциясини аниқ ҳисоб-китоб ва пухта тайёргарлик билан барпо этиш, шундай иншоотлар қурилишига оид хорижий тажрибани ўрганиш зарурлиги таъкидланди.
Бизнинг атом электр станциямиз бошқаларидан яхши, сифатли ва хавфсиз бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу соҳага ихтисослашган кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Ҳозирда ўзбекистонлик 30 нафар талаба “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетида таълим олмоқда. Мазкур билим юртининг Тошкентда ташкил этилаётган филиали келгуси ўқув йилидан илк талабаларни қабул қилади. Бу ёшлар юқори малакали мутахассис бўлиб етишади ва атом электр станциясининг хавфсиз ишлашини таъминлайди.
Шу ерда Жиззах вилоятининг минерал хомашё базасини кенгайтириш, Фориш туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туризм салоҳияти ва лалми ерлардан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Фориш – имкониятлари бўйича энг бой туманлардан бири. Лекин ҳозир бошқа ҳудудлардан бироз орқада. Бу ернинг қишлоқ хўжалиги, геология, қайта ишлаш соҳаларидаги имкониятларидан тўғри фойдаланилса, туман иқтисодиётини бир неча баробар юксалтириш мумкин, деди Президент.
Масалан, Жиззах вилоятида базальт, рух, қўрғошин, цемент, гипс, кварц, пардозбоп тошлар каби табиий бойликлар кўп. Геологик ва иқтисодий таҳлиллар асосида уларни қайта ишлашни ташкил этиш, маҳаллий бюджетга катта даромад келтириши ва аҳолини иш билан таъминлаш мумкинлиги таъкидланди. Бунинг учун “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси имкониятларидан фойдаланиш, тадбиркорларга кенг йўл бериш кераклиги қайд этилди.
Яна бир катта имконият – Фориш тумани ҳудудининг кенглигидир. Аввалги ташриф чоғида берилган топшириққа асосан бу ерда сувни тўплаш ва ундан тежаб фойдаланишга қаратилган ишлар амалга оширилди. Натижада туманда қўшимча 50 минг гектар суғориладиган ер пайдо бўлди. Президентимиз бу жойлар илгари фойдаланилмаган ҳосилдор тупроқ эканини таъкидлаб, унга талаб юқори маҳсулотлар экиш, аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, вилоятдаги сув ҳавзаларида балиқ етиштиришни кўпайтириш, чўл туманларда чорвачиликни ривожлантириш, сут ва жунни қайта ишлаш корхоналари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари жиззахлик нуронийлар билан мулоқот қилди.
Суҳбатда мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Юртимизнинг ҳамма жойларида янги заводлар, уй-жойлар, мактаблар қуриляпти. Халқимизнинг яшаш шароити, талаблари ҳам ўсиб боряпти. Бу эҳтиёжлар учун ҳозирча табиий бойликларимиздан фойдаланяпмиз, лекин уларнинг захираси чексиз эмас. Шунинг учун муқобил энергия манбаларини яратишимиз зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу атом электр станциясини қуришда барча халқаро талабларга қатъий риоя қилиниши, бундай станциялардан кўплаб мамлакатларда кенг фойдаланилаётгани қайд этилди.
Биз бу лойиҳанинг хавфсизлиги, иқтисодий зарурлигига ишончимиз комил бўлгани учун қуришга киришдик. Эртанги кунни ўйлаб иш тутмасак, ривожланишдан орқада қолиб кетамиз, деб таъкидлади Президентимиз.
Президентимиз тумандаги базальт тошини қайта ишлаб, базальт толаси ва арматураси ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Mega Invest Industrial” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
2017 йил декабрда иш бошлаган корхона фаолияти 3 босқичда йўлга қўйилади. Айни пайтда биринчи ва иккинчи босқичлар ишга туширилган. Бунинг учун Буюк Британиянинг “Leigh Bаrrier” компаниясининг 11 миллион доллар ҳамда тижорат банкининг 26 миллион доллар кредит маблағи йўналтирилди. Германия, Франция, Италия, Россия, Туркия каби давлатлардан замонавий ноу-хау технологиялари келтириб ўрнатилди. Натижада 225 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. 2018 йилда бу ерда минг тонна базальт арматураси ва сеткалар ишлаб чиқарилди. Корхона тўлиқ қувват ишлай бошлагач, йилига 4 минг тонна базальт толаси ва 4800 тонна арматура тайёрланади.
Базальт арматурасининг металл арматурадан фарқи шундаки, у 8 баробар енгил, 3 баробар мустаҳкам, зангламайди, ўзидан электр токини ўтказмайди. Шунингдек, металл арматурадан 30 фоиз арзон ҳамда 100 йилгача ўз хусусиятини йўқотмайди. У минтақамизда ягона ва МДҲ давлатларида иккинчи шундай корхонадир.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини янада ошириш, таннархини камайтириш, ҳажмини кўпайтириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Президентимиз куннинг иккинчи ярмида Мирзачўл туманига келди.
Шавкат Мирзиёев Мирзачўл тумани Ғалаба маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.
Чўлда жойлашган ушбу туман узоқ йиллар эътибордан четда қолиб кетган эди. Инфратузилма объектлари эскириб, одамлар турмушида қийинчиликлар юзага келганди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Обод қишлоқ» дастури қабул қилингач, кўплаб ҳудудлар сингари Ғалаба маҳалласи ҳам том маънода обод бўлди. Янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар қурилди, йўл бўйлари ва майдонлар ободонлаштирилди. Бугун бу жойлар янги қиёфа касб этган.
Президентимиз ҳудуддаги “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” масъулияти чекланган жамиятида бўлди.
Маҳалла ҳудудида дастур доирасида собиқ пахта тозалаш корхонасининг бўш турган биноси реконструкция қилиниб, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 3 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди.
Эски уйлардан замонавий уйларга кўчиб чиққан оилалар уй бекалари ва касб-ҳунар коллежларини битирган қизлар “Тадбиркор аёл” уюшмаси кўмагида тикувчилик касбига қайта тайёрланиб, иш билан таъминланди.
Жамоа “Ўзбекпахтасаноат” тизимидаги ва бошқа корхоналарга шартнома асосида махсус кийимлар тикиб бераётир. Айни пайтда корхонада эркаклар ва аёллар учун жинси матосидан кийим-кечак ҳам тикилмоқда.
Мирзачўлни янада обод қилишга доир ишларни бундан кейин ҳам тизимли давом эттирамиз. Мақсадимиз одамларни рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Ғалаба маҳалласи Барокат кўчасида яшовчи Мақсуд Мисиров хонадонида бўлди. Хонадон эгаларини янги уй билан табриклади. Қайд этиш керакки, М.Мисировнинг турмуш ўртоғи Маърифат Ҳайдарова ва қизи Моҳинур Мелиқулова «Мирзачўл тикувчилик мажмуаси»да меҳнат қилади. Улар яратилган замонавий шароитлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари Мирзачўл туманидаги Ўзбек – қозоқ миллий маданий маркази фаолияти билан танишди.
Мирзачўлда яшаётган қозоқ миллатига мансуб юртдошларимизнинг урф-одат ва анъаналарини асраши ва ривожлантириши учун зарур шароит яратилган. Хусусан, бу ерда Қозоқ миллий театри ташкил этилган. Яқинда театр биноси реконструкция қилиниб, кўркам иншоотга айлантирилди. Миллий чолғучилик, ашула, рақс, тасвирий санъат каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбек – қозоқ миллий маданий марказининг ташкил этилгани халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин ифодасидир. Марказда маданий алоқаларни кучайтириш, ёшларни байналмилал дўстлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президент мазкур театрнинг қайта тикланиши ва Ўзбек – қозоқ миллий маданий марказининг ташкил этилиши қардош халқларимиз ҳамжиҳатлигида муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Бу маскан ҳудуддаги ижодий, маърифий ташкилотларни, зиёлиларни, ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириши зарурлигини қайд этди.
Ўзбек ва қозоқ халқлари санъатидан намуналар ижро этилди.
Шавкат Мирзиёев Мирзачўл туманидаги "Бинафша" давлат мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан танишди.
2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури асосида капитал таъмирланган боғча 280 ўринга мўлжалланган. Бу ерда болажонларнинг замонавий таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилди. Машғулот хоналари болаларни мактабга тайёрлашдаги энг илғор методикалар асосида замонавий инвентарлар билан жиҳозланган. Кичик спорт ва ўйин майдончаси қурилган. Турли интерфаол ўйинлар, ақлни чархлашга кўмаклашувчи жиҳозлар болаларда дастлабки билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.
Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, фарзандларимизга яхши тарбия бериш доимий эътиборимизда бўлади. Боғчага борган боланинг соғлиғи мустаҳкам, дунёқараши кенг, ўзига ишончи юқори бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, давлат ва хусусий боғчалар ташкил этиш орқали болалар қамровини кўпайтириш, шу билан бирга, таълим-тарбия сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Мирзачўл туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникани кўздан кечирди.
Айтиш керакки, мазкур тиббиёт муассасаси мамлакатимизда намунали кўп тармоқли марказий поликлиника сифатида иш бошлаган.
1976 йилда қурилган бу поликлиника биноси шу кунга қадар капитал таъмирланмаган эди. “Обод қишлоқ” дастури асосида муассаса учун янги бино қурилди. 250 қатновга мўлжалланган поликлиникада 100 дан зиёд иш ўрни яратилди.
Замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган поликлиникада жарроҳ, педиатр, УТТ шифокори, стоматолог, терапевт, ЛОР, офтальмолог, травматолог, невропатолог, психиатр каби мутахассислар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Кўп тармоқли марказий поликлиника “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида велоэргометр, гастрофиброскоп, рақамли рентген, УТТ аппарати, биохимик анализатор, автоклаф, центрафуга, ЭКГ, стоматологик жамланма, аудометр, автарефроктометр каби тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Янги бинода аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида электрон рўйхатга олиш тизими жорий қилинди. Аёллар маслаҳатхонаси, кундузги стационар, ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилди.
Президентимиз поликлиникадаги шароитларни кўздан кечирар экан, аҳолини касалликлар профилактикаси билан тўлиқ қамраб олиш, одамлар бошқа жойга даво излаб бориб овора бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, шифокорлар малакасини ошириш юзасидан зарур тавсиялар берди.
Давлатимиз раҳбари янги қурилган Мирзачўл тумани Давлат хизматлари марказида бўлди.
Бундан тўққиз ой олдин мазкур марказ ўрни ташландиқ жой бўлган, ўтган қисқа вақтда замонавий марказ биноси қад ростлади, қурилиш ва бунёдкорлик ишларига 5 миллиард 740 миллион сўм маблағ сарфланди.
Марказ бир кунда 200-250 мижозга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Эндиликда бу ерда тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш, нотариус, ФҲДЁ бўлими, паспорт бериш ва алмаштириш каби 103 хизмат тури кўрсатилади. Шунингдек, марказда кутубхона, никоҳдан ўтувчилар учун тантаналар зали, инвесторлар хонаси ташкил қилинган, бундан ташқари, ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун энг сўнгги ускуналар билан жихозланган.
"Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади" тамойилига мувофиқ, янги тизим Президентимизнинг "Халқ давлат идораларига эмас – давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган эзгу ғоясини сўзсиз амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Давлат хизматлари фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқароларнинг ҳам вақти, ҳам маблағини тежашга хизмат қилади. Аҳоли томонидан қилинаётган ҳар бир мурожаат эътиборда бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари “Мирзачўл текс” МЧЖ фаолияти билан танишди.
Корхона фаолияти уч босқичли лойиҳа асосида йўлга қўйилади. Биринчи босқич 2018 йил декабрь ойида ишга туширилган. Хитой, Туркиядан 100 дона тикув дастгоҳи келтирилиб ўрнатилди. Айни пайтда бу ерда импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар, хусусан, жинси шимлар тикилмоқда. 70 дан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланган.
Лойиҳанинг 2-босқичида жинси мато тўқиш йўлга қўйилади ва 240 иш ўрни яратилади. 3-босқичда ип-калава йигирув амалиёти ишга туширилади. 2021 йилгача корхона тўлиқ қувват билан ишлаши кутилмоқда. Бу туманда 800 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.
Шавкат Мирзиёев корхона фаолиятига доир зарур кўрсатмаларни берди. Хотин-қизларни иш билан таъминлашга доимий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Шу ернинг ўзида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, мамлакатимизнинг Россия Федерацияси, Франция ва Беларусь Республикаларидаги элчихоналари томонидан вилоятга жалб қилинган инвестициялар тақдимоти ўтказилди, шунингдек, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Хитой каби давлатлардан келган инвесторлар ўз лойиҳалари ҳақида давлатимиз раҳбарига сўзлаб берди.
Тақдимотга кўра, россиялик инвесторлар ёритиш ускуналари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш, франциялик ишбилармонлар эса архитектура ойналари ишлаб чиқариш, мевани қайта ишлашга қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, Францияга анор, қовун, қизилмия илдизини экспорт қилиш режалаштирилган.
Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давом этмоқда.