Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида 15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Оқилона истеъмол – фаровон турмуш гарови» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Унда мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билимлари, истеъмол маданиятини юксалтириш борасида зарур ишлар олиб борилаётгани, шунингдек, соҳадаги ютуқ ва муаммолар хусусида фикрлар билдирилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар юзасидан маълумотлар берди.
[gallery-1565]
Шунингдек, анжуманда реклама фаолиятини тартибга солиш, ташқи рекламалар жойлаштиришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш, ҳуқуқий билим ва тушунчаларини бойитиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Жумладан, туман, шаҳар ҳокимликлари, давлат идоралари, ННТлар билан ҳамкорликда меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг бу борадаги билимларини юксалтириш бўйича семинар, давра суҳбатлари, шунингдек, «Ҳуқуқингизни биласизми?», «Сифат танлови – соғлом овқатланиш гарови!», «Истеъмол маданияти – муҳим масала» сингари қатор тадбирлар ўтказилиб, иштирокчиларга мавзуга оид буклет ва бошқа тарғибот материаллари тарқатилди.
Суҳбатда бошқарма томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жорий йилда амалга оширилиши белгиланган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилиб, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА