Истеъмолчилар ҳуқуқлари юзасидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар акцияси
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ҳамда “Юксалиш” ҳаракати билан ҳамкорликда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусида бепул ҳуқуқий маслаҳатлар акцияси ўтказилмоқда.
Таъкидланганидек, бугунги кунда истеъмол бозорида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мавжуд муаммоларга қонуний ечим топишга кўмаклашиш мақсадида мазкур акция ўтказилмоқда.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад - фуқароларнинг истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини ошириш, улар дуч келаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишда амалий ёрдам кўрсатиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида кенг тушунча бериш, кундалик турмушда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга амалий ёрдам беришдан иборат.

Акция давомида фуқаролар малакали мутахассислар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик нормалари юзасидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олиш имконига эга бўлдилар. Хусусан, иштирокчиларга сифатсиз товар сотиб олинганда истеъмолчининг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади? Нуқсонли товарни алмаштириш ёки тўланган пулни қайтариб олиш тартиби қандай? Кўрсатилган хизмат сифатсиз бўлган тақдирда истеъмолчи қандай ҳуқуқларга эга? Истеъмолчи ҳуқуқлари бузилганда қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилиш мумкин? Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида истеъмолчиларнинг қонуний манфаатлари қандай таъминланади?, каби масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳат олдилар. Шунингдек, акция доирасида фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқий муаммолари бўйича амалий тавсиялар берилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши, улар бузилган тақдирда эса қонунчиликда белгиланган тартибда ҳимоя қила олиши лозим. Зеро, ҳуқуқий билимли истеъмолчи адолатли ва шаффоф истеъмол бозорининг муҳим кафолатидир.
Мазкур акция истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қила олиш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида қонунийлик ҳамда ўзаро ишонч муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири