Истеъмолчи алданганми?
Бугунги кунда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар бозорида шаффофлик ва ишонч масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, истеъмолчилар саломатлиги билан боғлиқ маҳсулотлар ҳақида аниқ ва холис маълумот тақдим этилиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Аммо айрим ҳолатларда бу талаблар четлаб ўтилаётгани ташвиш уйғотади.
Рақобат қўмитасига фуқаро томонидан келиб тушган мурожаат асосида дорихонадан харид қилинган биологик фаол қўшимча (БФҚ) ўрганилди. Текширувлар натижасида ушбу маҳсулот таркиби дори воситасига тўлиқ мос экани аниқланди.
Ўрганиш жараёни ваколатли органлар иштирокида олиб борилиб, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мазкур маҳсулотни БФҚ эмас, балки дори воситаси сифатида рўйхатдан ўтказиш лозимлигини тасдиқлади.
Маълум бўлишича, аввал ҳам “MALIKA LABORATORIES” МЧЖ томонидан “ОРСА” дори воситаси “ORS” номи билан БФҚ сифатида рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқарилган. Бу ҳолат бўйича тегишли рухсатнома қонунда белгиланган тартибда қайтарилган эди.
Янги ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси тўплаган ҳужжатлар тегишли чора кўриш, шунингдек, аввал рўйхатдан ўтган БФҚларни қайта кўриб чиқиш ва инвентаризациядан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига юборилди.
Қонунга мувофиқ, истеъмолчига товар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот берилиши шарт. Акс ҳолда, харидор шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиши мумкин.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА