Истеъдодли ҳаваскор санъаткорлар ўзаро беллашмоқда
Сурхондарё вилоятида “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг туман ва шаҳар босқичи бўлиб ўтмоқда.
Олтинсой туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими “Келажак маркази” ташкилоти ҳамкорлигида ўтказган танловда умумтаълим мактабларининг санъат соҳасидаги энг иқтидорли 9-11 синф ўқувчилари иштирок этди.


Кўрик-танлов шартларига кўра, таълим муассасаларининг 5-8 нафардан иборат ёш ижрочилари рубоб, дутор, доира, най каби миллий чолғу асбобларидан фойдаланган ҳолда ўз истеъдодларини жонли ижрода кенг намойиш этди.




Ҳаваскорлик жамоаларининг изланиш ва истеъдодларини, ижро маҳоратини тажрибали ҳакамлар ҳайъати муносиб баҳолаб борган танлов якунида тумандаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчилари фахрли биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўрин 12-мактаб ва учинчи ўрин 39-мактаб жамоаларига насиб этди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири