"Veolia Energy Tashkent" халқ депутатлари Тошкент шаҳи кенгашининг аҳоли ва юридик шахслар (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларини 15 фоизга ошириш тўғрисидаги қарори юзасидан тушунтириш берди.
Қайд этилишича, тарифларнинг ошишига иссиқлик ва иссиқ сув ишлаб чиқариш учун зарур бўлган газ ва электр энергияси нархларининг ошиши таъсир кўрсатган.
"2023 йилда корхоналар учун электр энергияси тарифлари бир неча баробарга ошди. Ушбу қўшимча ҳаражатларни қоплаш учун 2023 йил 2 декабрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун тарифлар оширилган.
Аммо шунга қарамай, 2023/2024 йилги иситиш мавсуми тугагунга қадар аҳоли учун тариф ўзгаришсиз қолди. 2024 йил 2 апрелдан бошлаб тариф 15 фоизга ошди, шунда ҳам бу энергия ресурслари нархининг ўсиш суръатидан сезиларли даражада паст. Бу 2019 йилдан буён аҳоли тарифининг илк ошиши эди. Кўриб турганингиздек, биз нархларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида тарифлар ўсишини аста-секин ва бир маромда амалга оширишга интилмоқдамиз", дейилади изоҳда.
Маълум қилинишича, амалдаги аҳоли тарифи базавий тарифнинг 16 фоизини қоплайди. Кутилаётган 15 фоиз ўсишдан кейин эса 18 фоизини қоплай бошлайди. Қолган қисми доимгидек давлат субсидиялари билан қопланади.
Янги тарифлар қачон кучга киради?
Кенгашнинг қарори янги тарифни тасдиқлаш ва қўллаш бўйича оралиқ босқич ҳисобланади. Сўнгра у кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар ҳокимига юборилади. Ҳоким қарорининг лойиҳаси танишиш ва жамоатчилик муҳокамаси учун www.regulation.gov.uz порталида эълон қилинади. Муҳокама муддати – 15 кун.
Якуний қарорни Тошкент шаҳар ҳокими имзолайди. Тарифлар мазкур қарор эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун ўтгач кучга киради.
Ш. Маматуропова, ЎзА