Исроил ва Ҳизбуллоҳ уруши қачон тугайди?
Исроил армияси Ливан жанубидаги бир неча ҳудудга ҳаводан зарба бериши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Қурбонлар орасида тиббиёт ходимлари, ҳарбий хизматчи ва ҳатто, бир норасида ҳам борлиги айтилган.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳужум Наботия вилояти ҳамда Бинт-Жубайл яқинидаги аҳоли манзилларига уюштирилган. Бир неча киши яралангани ҳам қўшимча қилинган.
Бунга жавобан “Ҳизбуллоҳ” Исроил армиясининг жанубдаги ҳарбий нуқталари, Меркава танклари ва бошқа техника воситаларига қарата зарба йўллаганини маълум қилди. Ташкилот баёнотида ракета, артиллерия тўпи ва шаҳид дронларидан фойдаланилгани, умуман Исроил армиясига қарши жами 25 марта ҳужум қилингани келтирилган.
Томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш тартиби амалда бўлса-да, ҳудуддаги вазият кескинлигича қолмоқда. Ливан томони қайд этишича, 2 мартдан буён давом этаётган Исроил ҳужуми натижасида 2 880 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, бир миллиондан кўп аҳоли уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Фарзона Аҳмедова,
ЎзА