Испанияда уй-жой инқирози: ҳукумат шошилинч чоралар кўрмоқда
Испанияда уй-жой нархлари ва ижара ҳақининг ошиб бориши оммавий норозиликларга сабаб бўлаётган бир пайтда ҳукумат шошилинч тарзда ҳужжат пакетини тасдиқлади.
Янги чоралар уй-жой ижараси ёки харидини енгиллаштириш, ижарачиларни кўчиришдан ҳимоя қилишни кенгайтириш, хоналарни ижарага беришни тартибга солиш ва мавсумий ижараларга янги солиқ жорий этишни назарда тутади. Шунингдек, кўчмас мулкни спекулятив мақсадда сотиб олишни чеклаш ҳамда ижара ва уй-жой тўловларини ўз вақтида амалга ошираётган мулк эгалари ва ижарачиларга солиқ имтиёзлари бериш режалаштирилган.
Ҳукумат биринчи уйини сотиб олиш истагидаги фуқароларга 50 минг еврогача кредит ажратиш учун 10 миллиард евролик жамғарма ҳам ташкил этади.
Испания бош вазири Педро Санчес мамлакат бундан буён бу каби ҳолатларга йўл қўймаслигини билдирди. Уй-жой инқирози бўйича аввалги фавқулодда қарорлар парламентда рад этилганидан кейин Санчес муддатидан олдин сайлов ўтказишни 29 ноябрга белгилаган эди. Янги чоралар энди тарқатиб юборилган парламент ўрнига вақтинча қонун чиқарувчи орган томонидан тасдиқланиши керак.
Бу орада Барселонада уй-жой масаласи бўйича ўтказилган намойишлар тўқнашувларга айланиб, айрим фаоллар полицияга тош отган ва чиқинди қутиларини ёққан. Норозилар ижарачилар ҳимоясини кучайтириш, фирибгарликка қарши чоралар кўриш ва муқобил уй-жой берилмасдан туриб аҳолини кўчиришларни тақиқлашни талаб қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА