Пойтахтимиздаги «Ҳилол-нашр» нашриётида Ҳазрат шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асос солган соф ислом таълимотлари ҳамда шайх Ҳазратларининг бой илмий меросини кенг оммага тақдим этиб келаётган islom.uz портали мобиль иловаларининг тақдимоти ўтказилди.
Машҳур уламолар, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирдлари, мухлислари, порталнинг доимий фойдаланувчилари, дастурчилар ва журналистлар иштирокидаги тадбирда нашриёт раҳбарияти томонидан портални янада ривожлантириш бўйича таклифлар тингланди. Иловалар кенг жамоатчиликка содда тилда тушунтирилди.
Islom.uz портали 17 йилдан буён соф ислом таълимотини зиё истовчилар орасида кенг тарғиб қилиб келмоқда. Ушбу дастурдан мўмин-мусулмонлар учун кундалик ҳаётида энг муҳим бўлган намоз ва рўза тақвими, қибла йўналиши, «Ўзбекистон масжидлари» дастури, islom.uz радиоси каби онлайн хизматлар ўрин олган. Шунингдек, дастур ёрдамида islom.uz порталидаги quran.uz, hadis.islom.uz, fiqh.uz, arabic.uz, madrasa.uz, masjid.uz, siyrat.uz, e-tarix.uz, muslimaat.uz, e-adabiyot.uz, tazkiya.uz каби сайтлардан олинган энг сўнгги маълумот ва янгиликлардан ҳам хабардор бўлиш мумкин.
- Илм-маърифатдан узоқлашиш нималарга олиб бораётганини шу бугун атрофимизда содир бўлаётган айрим қатламларнинг йиғилиб олиб бир жинсли никоҳлиликни талаб қилиб чиқаётганидан ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин, - дейди «Ҳилол-нашр» нашриёти директори ўринбосари Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. - Маърифат аҳли бир-биримизни қўллаб, ана шундай тоифанинг майдони кенгайиб кетмаслигининг олдини олишимиз керак. Тақдимот ҳам айнан шу мақсадда, яъники, порталимизни кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. Дин илм билан ривожланади. Биз исломий таълимни тарғиб қилишга ҳисса қўшмоқчи бўлган ёзувчи, дастурчи ва муҳаррирларни ҳамкорликка чорлаймиз. Илм йўлида молиявий, маънавий ҳамкорлик қилмоқчи бўлганлар порталимизда кўрсатилган манзилга мурожаат қилишлари мумкин.
Тадбир доирасида портални юритишдек хайрли ишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ҳамкорлар ва фидойи ходимлар нашриёт раҳбарияти томонидан тақдирланди.
Дилобар Маматова, ЎзА мухбири