Исломободда АҚШ - Эрон музокараси даври дам олиш кунлари деб эълон қилинди
Исломобод расмийлари АҚШ - Эрон музокараси даврига тўғри келадиган 9-10 апрелни дам олиш кунлари деб эълон қилди. Бу ҳақда “Pakistan Observer” шаҳар округи судьяси баёнотига таяниб хабар тарқатган.
– 2026 йил 9-10 апрель (пайшанба ва жума) пойтахт округи маъмурий ҳудудида дам олиш куни сифатида белгиланди, – дейилган баёнотда. – Исломободдаги касалхоналар, маъмурият ва полиция маҳкамалари каби муҳим хизмат кўрсатиш идоралари бундан мустасно.
Нашр таъкидлашича, ушбу чора АҚШ ва Эрон ўртасидаги муҳим тинчлик музокараси олдидан узлуксиз логистика, хавфсизлик ва ижтимоий қулайликни таъминлаш учун жорий этилди.
– Шунингдек, бир неча ҳудудда фуқаро ва транспорт воситалари ҳаракатига чеклов киритилди, – деб ёзди шу мавзуда “Associated Press of Pakistan (APP) маҳаллий йўл полицияси вакилига таяниб. – Чоршанба куни пойтахт йўл полицияси идораси фуқароларни хорижий делегациялар ҳаракати муносабати билан қизил ҳудудда қатъий хавфсизлик чораси кўрилиши ва транспорт чеклови қўлланишидан огоҳлантирди.
Таъкидланишича, “қизил ҳудуд” ва шу мақомдаги манзилга туташ майдонлар расмий идоралар автомобилларидан ташқари ҳар қандай транспорт тури учун ёпилади. Агентлик манбаси фуқароларга чекланган ҳудуд бўйлаб кераксиз саёҳат қилишдан сақланиш ҳам тавсия этилганини қўшимча қилди.
Маълумки, АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан икки ҳафталик сулҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилганини эълон қилди. Кейинчалик Ислом Республикаси Олий Миллий хавфсизлик кенгаши Қўшма Штатлар Теҳроннинг ўн банддан иборат таклифига рози бўлгани, жума куни Покистон пойтахти Исломободда АҚШ билан музокара бошланишини тасдиқлади.
С.Раҳимов, ЎзА