Ислоҳотлар самараси аҳоли ҳаётидаги ўзгаришларда кўринади
Янгийўл шаҳрида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, маҳаллалардаги мавжуд ҳолат ҳамда аҳолини қийнаётган муаммолар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ва шаҳар бошқарма ҳамда ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар, депутатлар ва маҳалла еттилиги вакиллари иштирок этди. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев кун тартибидаги масалалар юзасидан таҳлилий-танқидий маъруза қилди.
Таъкидланганидек, шаҳарда айрим иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўсишга эришилган бўлса-да, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, кичик бизнесни ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инфратузилмани яхшилаш борасида қатор камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Жумладан, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 108,4 фоизга етган. Хизматлар соҳасида эса 2,1 триллион сўмлик ҳажм қайд этилиб, ўсиш 119 фоизни ташкил қилган. Бироқ саноат маҳсулотларининг вилоят умумий ҳажмидаги улуши атиги 0,69 фоизни ташкил этаётгани ва шаҳарнинг 22 та ҳудуд орасида охирги ўринларда қолаётгани танқид қилинди. Шунингдек, 687 та кичик бизнес субъекти, яъни жами корхоналарнинг 30,6 фоизи амалда фаолият юритмаётгани, экспорт ҳажми эса прогнозга нисбатан 14,8 фоизга камайгани қайд этилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам ечимини кутаётган масалалар талайгина. Хусусан, шаҳарда ишсизлик даражаси 3,9 фоизни ташкил этиб, 1 355 нафар фуқаро ишсиз сифатида рўйхатга олинган. Тўққиз ой давомида 13 минг нафардан зиёд аҳоли бандлиги таъминланган бўлса-да, яратилган доимий иш ўринларининг 38,5 фоизи солиқ базасида ўз тасдиғини топмаган.
Камбағаллик даражаси 3,5 фоизга туширилиб, 21 та маҳалланинг 13 таси камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилган. Шунга қарамай, айрим маҳаллаларда бу борадаги кўрсаткичлар юқорилигича қолмоқда. Хонадонбай ўрганишлар давомида аниқланган эҳтиёжларнинг атиги 14 фоизигина амалий ечим топгани эса аҳоли билан ишлашда манзилли ёндашувни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Маҳаллаларда микрон-лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестицияларни жалб этиш борасида ҳам бир қатор камчиликлар мавжуд. Белгиланган лойиҳалар ҳисобига мингдан ортиқ иш ўрни яратилган бўлса-да, айрим маҳаллаларда режалар ижроси қоғозда қолиб кетаётгани танқид остига олинди.
Айниқса, инвестиция лойиҳаларининг ярмидан кўпи атиги учта маҳаллага тўғри келиши, тўққизта маҳаллада эса бирорта ҳам лойиҳа мавжуд эмаслиги ҳудудлар имкониятларидан бирдек фойдаланилмаётганини англатади.
Коммунал хизматлар соҳасидаги муаммолар ҳам йиғилиш кун тартибидан ўрин олди. Шаҳарда дебитор қарздорлик 16,6 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Кўп қаватли уйларни бошқариш, ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминотидаги узилишлар, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш билан боғлиқ камчиликлар аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ички йўлларнинг бир қисми ҳам таъмирталаб ҳолда.

Ижтимоий соҳадаги мавжуд ҳолат таҳлил қилинганда, мактабгача таълим билан қамров даражаси 72,8 фоизни ташкил этиб, вилоят ўртача кўрсаткичидан пастлиги қайд этилди. Айни пайтда мактабгача таълим ташкилотларида бўш ўринлар мавжудлиги ушбу йўналишдаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатади. Айрим мактабларда эса ўқувчилар сони белгиланган қувватдан ортиқ.
Соғлиқни сақлаш тизимида шифокорлар етишмовчилиги ва аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш қамровининг пастлиги ҳам долзарб масалалардан бири сифатида қайд этилди.
Йиғилишда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,66 триллион сўмга етказиш, 184,4 миллион долларлик инвестицияларни ўзлаштириш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ва экспорт ҳажмини 31,4 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, камбағаллик даражасини 2 фоизгача тушириш вазифаси қўйилди.

Вилоятдан бириктирилган масъуллар томонидан маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳам муҳокама қилинди. Аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан гуруҳ раҳбари, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов ахборот берди.
Йиғилиш якунида ижтимоий соҳа муассасаларидаги камчиликларни бартараф этиш, шаҳар иқтисодиётини ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва аҳоли бандлигини ошириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
А.Мусаев,ЎзА