Депутатлик сўрови натижасида пиёдалар кўприги тўлиқ янгиланди
Фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, уларда кўтарилган муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.
Бу борада ЎзЛиДеП депутатлари томонидан амалга оширилаётган ишлар аҳоли кундалик ҳаётидаги мавжуд муаммоларга ечим топишга хизмат қилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани Кенгаши депутати Замира Сейтназаровага “Ғарезсизлик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томонидан 3-сонли мактаб атрофида жойлашган пиёдалар кўпригининг таъмирталаб ҳолга келиб қолгани юзасидан мурожаат қилинган эди. Фуқароларнинг билдиришича, кўприкнинг айрим қисмлари фойдаланиш учун хавфли ҳолатга келган. Бу эса, айниқса, мактаб ўқувчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига жиддий таҳдид туғдираётган эди.

Депутат мазкур мурожаатни ўрганиб, масалани ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Унда пиёдалар кўпригининг техник ҳолатини яхшилаш, уни тўлиқ янгилаш ҳамда аҳоли, хусусан, ўқувчилар учун хавфсиз ҳаракатланиш шароитини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Депутатлик сўрови асосида кўтарилган масала тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда пиёдалар кўприги тўлиқ янгиланиб, фойдаланишга қулай ва хавфсиз ҳолатга келтирилди. Маҳалла аҳолиси амалга оширилган ишдан мамнунлигини билдириб, ўз мурожаати эътиборсиз қолмагани, муаммонинг амалий ечим топишида ташаббус кўрсатган депутатга миннатдорлик билдирди.
Ушбу ҳолат депутатлик сўрови фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда самарали таъсирчан механизм эканини яна бир бор кўрсатди. Энг муҳими, аҳоли кўтарган масала аниқ амалий натижа билан якунланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири