Ишлаб чиқарувчилар электрон савдоларда қатнашиш бўйича билим ва малака оширди
Андижонда тадбиркорликни электрон тижорат асосида ривожлантириш, электрон савдоларни ташкил этиш, ташқи бозорга “Wildberries” платформаси орқали чиқиш, маҳсулотларни савдога қўйиш ва сотиш масалаларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби “Wildberries” компанияси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув семинарида давлат ташкилотлари, кичик ва ўрта бизнес субъектлари вакиллари, маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, ҳунармандлар иштирок этди.
Семинарда мамлакатимизда барча соҳаларда рақамлаштириш, электрон тизимга ўтиш жараёнларининг жадал ривожланиб бораётганлиги, хусусан, тадбиркорликни электрон тижорат асосида ривожлантириш, ишлаб чиқарувчилар ташқи бозорларга ўз маҳсулотларини электрон тарзда тақдим этиш, сотиш борасида муайян ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
– Ўқув семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ишлаб чиқарувчилар, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини электрон савдолар орқали сотиш бўйича зарур билим ва кўникмалар беришдан иборат, – дейди Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби Бизнес-инкубатор ва стартап лойиҳалар билан ишлаш маркази раҳбари Ғофуржон Усмонов. – Биламиз, ушбу йўналиш кўпчилик учун янгилик. Чунки ушбу йўналиш юртимизда ҳали у қадар ривожлангани йўқ. Аксарият ишлаб чиқарувчиларимизда бу борада амалий тажриба етарли даражада эмас. Лекин давр, ана шу соҳани пухта ўрганиш, ана шу йўналишда ишлашни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, тадбиркор ва ҳунармандларнинг бу борадаги билим, малака ва тажрибаларини бойитишга кўмаклашишни мақсад қилганмиз.
[gallery-31976]
Ўқув семинари давомида “Wildberries” компаниясининг ПРО эксперти Камолжон Пазлиевнинг “Wildberries”да савдоларни бошлаш”, “Логистика ва омборхоналарнинг ишлаш схемалари”, “Биринчи сотувларни ишга тушириш”, “Экспертлар билан очиқ мулоқот” мавзуларидаги маъруза ва тақдимотлари билан танишилди.
Маъруза ва тақдимотларда “Wildberries”да платформаси орқали савдоларни ташкил этиш, маҳсулотни сотувга тўғри тайёрлаш ва харидорларни жалб этиш бўйича карточкалар яратиш, қадоқлаш, тамғалаш ва тавсифларга қўйиладиган талаблар, омбордан харидоргача етказиб бериш занжирини тўғри йўлга қўйиш тизими, етказиб беришни расмийлаштириш, буюртмалар ва қайтаришлар билан ишлаш тартиби, фойдага чиқиш усуллари, Wildberries амалиётчилари билан жонли мулоқот қилиш, шунингдек, рўйхатдан ўтиш, логистика ва солиқ тўловлари бўйича кенг маълумотлар берилди.
Ўзбекистонда тадбиркорликни маркетплейс, яъни электрон-онлайн савдоларни ривожлантириш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш ўта муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
– Семинарда иштирок этиб, маҳсулотларни электрон сотиш тартиблари ҳақида кенг тушунча ва маълумотлар олдим, – дейди шаҳрихонлик пичоқчи-ҳунарманд Музаффар Умаров. – Маҳсулотларимизни нафақат ички бозорда, балки электрон платформа орқали ташқи бозорларга ҳам таклиф этиш биз учун катта имкониятдир. Ҳар жиҳатдан фойдали, қулай ва афзал бўлган электрон савдолар қатнашиш бизга кўпроқ маҳсулот сотиш имконини беради.
Семинар иштирокчилари мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ўқув семинари иштирокчиларнинг ўз маҳсулотларини харидорларга тўғри етказиш, товарлар тарғиботи ва рекламасини юритиш, маркетплейсларда муваффақиятли фаолият олиб бораётган сотувчиларнинг тажрибаларини ўрганиш, умуман, электрон савдоларда қатнашиш борасидаги билим, малака ва тажрибаларини бойитди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари