Ишлаб чиқаришдан технологик етакчилик сари
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар билан ўтказган учрашуви мамлакатимиз саноатини ривожлантиришнинг янги босқичига йўл очадиган муҳим мулоқот бўлди. Унда иштирок этиш мен учун, ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари ва Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати сифатида, алоҳида аҳамият касб этди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон электротехника саноати сезиларли тараққиёт йўлини босиб ўтди. Жумладан, ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 триллион сўмдан 50 триллион сўмга етди, экспорт 14 баробар ошди, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Бу кўрсаткичлар замирида янги корхоналар, минглаб иш ўринлари, ўзлаштирилган технологиялар ва мутахассисларимизнинг машаққатли меҳнати мужассам.
Эътиборлиси, бугун соҳанинг олдига фақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш эмас, балки миқдорий ўсишдан сифат жиҳатидан янги босқичга — технологик тараққиёт ва инновацион ривожланишга ўтиш вазифаси қўйилмоқда. Зеро, замонавий рақобат шароитида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас. Ўз технологияларимизни яратиш, муҳандислик мактабларини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ва халқаро бозорларда муносиб ўрин эгаллаш зарур.
Учрашувда илгари сурилган ташаббуслар айнан шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Аввало, Нурафшон шаҳрида “Келажак технологиялари маркази”ни ташкил этиш ташаббусини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу Тошкент вилоятининг саноат ва инновацион салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Марказда фаолият юритадиган корхоналарга IT-парк шароитига ўхшаш имтиёзлар бериш, бутловчи қисмлар импортини божхона тўловларидан озод этиш, илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Энг муҳими, марказ фақат замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган ҳудуд бўлиб қолмаслиги керак. Унда янги технологиялар ва муҳандислик ечимлари яратилиши, илмий тадқиқотлар ишлаб чиқариш билан уйғунлашиши, маҳаллий корхоналар ўртасида технологик кооперация йўлга қўйилиши лозим. Электроника ва робототехника каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам келгуси тараққиёт учун муҳим аҳамиятга эга.

Электрон ўлчов воситаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш билан бевосита шуғулланадиган мутахассис сифатида муҳандислик ғоясидан тайёр маҳсулотни серияли ишлаб чиқаришгача бўлган жараён қанчалик мураккаб эканини яхши биламан. Бунинг учун жиддий инвестициялар, замонавий синов лабораториялари, малакали кадрлар ва изчил давлат кўмаги зарур.
Шу нуқтаи назардан, миллий асбобсозлик саноатини ривожлантириш нафақат иқтисодий ўсиш, балки мамлакатимизнинг технологик мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Яна бир муҳим ташаббус “1 минг муҳандис-конструктор” дастуридир. Бу орқали маҳаллий мутахассисларни илғор технологияларга эга давлатларга малака ошириш учун юбориш келажакка йўналтирилган муҳим сармоя ҳисобланади. Чунки замонавий саноатни фақат хориждан ускуна харид қилиш орқали ривожлантириб бўлмайди. Бунинг учун янги маҳсулот ва технологияларни мустақил яратишга қодир бўлган конструкторлар, муҳандислар, технологлар ва тадқиқотчилар авлодини шакллантириш лозим. Бундай мутахассислар эса миллий саноатимизнинг интеллектуал таянчига айланади.
Давлат харидларида маҳсулотни фақат энг паст нарх бўйича баҳолаш амалиётидан воз кечиб, унинг бутун фойдаланиш давридаги харажатларини ҳам ҳисобга олишга ўтиш таклифи ҳам эътиборга молик. Бу айниқса, сифатли ва технологик жиҳатдан мураккаб ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар учун муҳим. Зеро, маҳсулотнинг ишончлилиги, аниқлиги, энергия самарадорлиги ва хизмат қилиш муддати кўп ҳолларда унинг дастлабки харид нархидан ҳам муҳимроқдир.
Бундай ёндашув бир томондан давлат маблағларидан самарали фойдаланишга хизмат қилса, иккинчи томондан, ишлаб чиқарувчиларни маҳсулот сифати ва инновацияларга кўпроқ сармоя киритишга ундайди. Натижада бозорда соғлом рақобат муҳити шаклланиб, маҳаллий корхоналарнинг имкониятлари кенгаяди. Белгиланган вазифаларнинг кўлами ҳам ниҳоятда кенг. Келгуси уч йилда умумий қиймати 11,6 миллиард доллар бўлган 164 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Илгари сурилган ташаббусларнинг ҳудудимизда амалий натижа беришига кўмаклашишни муҳим вазифам деб биламан. Бу аввало, маҳаллий корхоналарни ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, малакали ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш, ёшларни муҳандислик касбларига кенг жалб этиш билан боғлиқ.
Бугунги мақсадимиз фақат замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш эмас, балки уларни яратиш учун зарур технология, билим ва муҳандислик салоҳиятини ҳам ўзимизда шакллантиришдан иборат бўлиши керак. Ўзбекистон жаҳон бозорида талаб юқори бўлган технологик маҳсулотларни мустақил ишлаб чиқара оладиган мамлакатга айланиши лозим.
Вадим Ли,
Халқ депутатлари
Тошкент вилояти Кенгаши депутати,
ЎзА