Ишлаб чиқариш корхоналари ярим йилда 81 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўлади
Ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ярим йилда тўланган 81 триллион сўмдан ортиқ солиқ мамлакат саноат салоҳияти, йирик корхоналарнинг иқтисодиётдаги ўрни ва солиқ базасининг қай даражада шаклланганини кўрсатувчи муҳим кўрсаткич.
Солиқ қўмитасининг 2026 йил январь–июнь ойларида ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 64 минг 551 та юридик шахс томонидан давлат бюджетига 81 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўланган.
Рақамларга синчиклаб назар ташланса, бу маблағларнинг салмоқли қисми нисбатан кам сонли йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келиши кўринади. Хусусан, 20 та солиқ тўловчи 11,6 триллион сўм солиқ тўлаган. Бу умумий тушумнинг қарийб 14 фоизи демакдир. Бунда НКМК ва ОКМК акциядорлик жамиятлари ҳисобга олинмаганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ишлаб чиқариш соҳасидаги 64,5 мингдан зиёд юридик шахснинг барчаси бир хил иқтисодий салоҳиятга эга эмас. Йирик корхоналарнинг товар айланмаси, ишлаб чиқариш ҳажми ва солиқ базаси кичик ҳамда ўрта бизнес субъектларига нисбатан анча юқори. Бу ҳолат 20 та йирик солиқ тўловчининг кўрсаткичларида ҳам яққол намоён бўлади. Уларнинг жами товар айланмаси 88,4 триллион сўмни ташкил этган. Демак, йирик ишлаб чиқариш корхоналари нафақат бюджет тушумларининг муҳим манбаи, балки иқтисодий фаолликнинг асосий нуқталаридан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Шу билан бирга, бундай концентрация яна бир масалани кун тартибига олиб чиқади: бюджет тушумларининг йирик корхоналарга боғлиқлиги қанчалик юқори бўлса, иқтисодий хавфлар ҳам шунчалик муайян сектор ва корхоналар фаолиятига боғланиб қолиши мумкин. Шу сабабли кичик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва солиқ базасини кенгайтириш узоқ муддатда бюджет даромадларининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Асосий тушум ҚҚС ҳисобига тўғри келмоқда. 20 та йирик солиқ тўловчининг солиқлари таркибига назар ташласак, энг катта тушум қўшилган қиймат солиғи — 3,6 триллион сўм ҳисобига тўғри келганини кўрамиз. Ундан кейин акциз солиғи 2,6 триллион сўм, фойда солиғи 2,3 триллион сўм, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 1,2 триллион сўмни ташкил этди. Шунингдек, ижтимоий солиқдан 732,9 миллиард сўм, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан 685,2 миллиард сўм, мол-мулк солиғидан 308,9 миллиард сўм ва бошқа солиқлардан 223,5 миллиард сўм тушган.
Бу таркибдан кўриниб турибдики, ишлаб чиқариш корхоналарининг бюджетга қўшаётган ҳиссаси фақат фойда солиғи билан чекланмайди. Корхона қанча кўп маҳсулот ишлаб чиқарса ва реализация қилса, қиймат занжирида шунча кўп солиқ тушуми шаклланади. Йирик корхоналар фаолиятида эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир кўрсаткич — солиқ имтиёзлари 20 та солиқ тўловчи томонидан фойдаланилган солиқ имтиёзлари миқдори 1,5 триллион сўмни ташкил этган.
Солиқ имтиёзлари, одатда, инвестицияларни рағбатлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ёки муайян тармоқларни қўллаб-қувватлаш каби мақсадларга хизмат қилади.
Бироқ имтиёзнинг ўзи якуний натижа эмас. Асосий масала — имтиёз эвазига иқтисодиёт қандай натижа олмоқда? Яъни корхонага берилган имтиёз ишлаб чиқариш ҳажмини оширдими, янги инвестициялар жалб этилдими, иш ўринлари кўпайдими, меҳнат унумдорлиги ва экспорт салоҳияти ошдими? Ана шу саволларга жавоб бериш солиқ имтиёзларининг самарадорлигини баҳолашда муҳим. Солиқ тизимининг рақамлаштирилиши ҳам ушбу жараёнда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА