Ишчи гуруҳ учрашув, очиқ мулоқот ва ўрганишлар ўтказди
Инсон манфаатини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ва жойлардаги муаммоларга амалий ечим топиш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ана шу эзгу мақсад йўлида партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Ёқубов Жиззах вилоятида бўлиб, қатор учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва ўрганишлар ўтказди.
Ишчи гуруҳ дастлаб Жиззах шаҳридаги “Жиззахлик” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этди. Уни партиянинг Жиззах вилояти Кенгаши раиси Ориф Шукуров очиб, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш партиянинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Очиқ мулоқотда Озода Парпибоева ва Шуҳрат Ёқубов мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларга қонуний ва тезкор ечим топиш, қонунчиликни ҳаёт талаблари асосида такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этди. Шунингдек, мустақиллик йилларида инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш борасида эришилган натижалар ҳақида фикр алмашилди.
Қабул давомида уй-жой, бандлик, коммунал хизматлар, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ҳамда тадбиркорлик соҳаларига доир кўплаб мурожаатлар кўриб чиқилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар бўйича эса масъул ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди.
Жумладан, Жиззах шаҳар “Сайилжой” маҳалласи фаоли Отабек Одилов турар жойларни расмий ижарага беришдаги солиқ юкини қайта кўриб чиқиш, талабалар ҳамда ягона турар жойини ижарага бераётган фуқаролар учун имтиёзли механизмлар жорий этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Таъкидланганидек, бундай ташаббуслар аҳолини қийнаётган муаммоларни қонунчилик асосида бартараф этишга хизмат қилади.
[gallery-30742]
Ишчи гуруҳ Жиззах шаҳридаги замонавий Тиббиёт кластери фаолияти билан ҳам танишди. Кластер директори Жаҳонгир Санақулов диагностика, даволаш ва реабилитация йўналишларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, муассасада юқори технологияли тиббий ускуналар, рақамли бошқарув тизими, электрон тиббий карталар ва замонавий лабораториялар жорий этилган. Бу эса ташхис қўйиш аниқлигини ошириш, даволаш жараёни самарадорлигини таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, шифокорлар малакасини мунтазам ошириш, халқаро тажрибани жорий этиш ва профилактика ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Сафар давомида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ҳолидан хабар олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманида яшовчи бир нечта эҳтиёжманд оила хонадонларида бўлишиб, уларнинг яшаш шароити, кундалик эҳтиёжлари ва мавжуд муаммоларини ўрганишди. Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Фахриддин Арзиқулов ҳамда Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Суръат Сойибназаров хонадонига боришиб, уларнинг мурожаат ва таклифлари тинглашди. Ижтимоий аҳволи, бандлиги, фарзандларининг таълим олиши ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилиниб, аниқланган муаммолар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, партия томонидан мазкур оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам топширилди.
Таъкидланганидек, ижтимоий ҳимоя фақат бир марталик кўмак билан чекланмасдан, инсонларнинг мустақил ҳаёт кечириши учун барқарор имкониятлар яратишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар билан давом эттирилиши лозим. Шу боис бандликни таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Ишчи гуруҳ партия вилояти Кенгаши ташаббуси билан барпо этилган “Конституция хиёбони” ҳамда Жиззах шаҳридаги “Холида-Луиза” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Куннинг иккинчи ярмида эса вилоят партия ташкилотлари фаолияти танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Йиғилишда туман ва шаҳар Кенгашлари, депутатлик гуруҳлари, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими ҳамда партия дастурий вазифаларининг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда қайд этилганидек, Жиззах вилояти партия ташкилоти республикадаги етакчи ҳудудий ташкилотлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда вилоятда партиянинг 131 минг 784 нафар аъзоси бўлиб, уларнинг 54 фоизини хотин-қизлар, 46 фоизини эса ёшлар ташкил этади. Бу эса партия ғояларига бўлган ишонч ва фаоллик тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.
Шунингдек, шаҳар ва туман Кенгашлари фаолияти таҳлил қилиниб, Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Мирзачўл, Шароф Рашидов ва Дўстлик туман Кенгашлари иши ижобий баҳоланди. Фориш туман Кенгаши фаолиятида аниқланган айрим камчиликлар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Аҳоли билан манзилли ишлаш, мурожаатларни тезкор ҳал этиш, депутатлик назоратини кучайтириш ва партия лойиҳалари самарадорлигини ошириш устувор вазифалар этиб белгиланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари