Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга замин яратмоқда
Жиззахда ўтказилган навбатдаги “Очиқ мулоқот – 2026” тадбири тадбиркорлар учун долзарб масалаларни муҳокама қилиш, уларнинг муаммоларига амалий ечим топиш ва бизнес ривожига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этишга хизмат қилди. Давлат ва тадбиркор ўртасидаги мулоқотнинг янги механизми сифатида шаклланаётган мазкур тизим ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга замин яратмоқда.
Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарияти вакиллари, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси ҳамда вилоят ҳокимлиги масъуллари иштирок этишди. Бу эса тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалаларни ҳар томонлама кўриб чиқиш ва уларга жойида муносабат билдириш имконини берди.

Очиқ мулоқотда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган 200 нафардан ортиқ тадбиркор қатнашди. Тадбир давомида 80 нафардан зиёд мурожаатчининг 110 дан ортиқ масаласи муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти юзасидан аниқ чоралар белгилаб олинди.
Мурожаатлар асосан ер ажратиш, мулкий муносабатлар, кредит ва молиявий қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини енгиллаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш каби долзарб йўналишларга тааллуқли бўлди. Шунингдек, бизнесни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга доир қатор таклифлар ҳам билдирилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, тадбир давомида кўплаб муаммолар жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар бўйича масъул ташкилотлар ва мансабдор шахслар бириктирилиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот қилиш амалиёти давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30-майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлар мурожаатларини тизимли қабул қилиш, уларни таҳлил этиш ва жойларда тезкор ҳал қилиш механизмлари жорий этилган. Шунингдек, республика комиссияси ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, бизнес вакилларининг муаммоларини бартараф этишнинг таъсирчан тизими шакллантирилган.

Жиззах вилоятида ўтказилган мазкур очиқ мулоқот ҳам ана шу қарор ижросининг амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этди. Зеро, тадбиркорнинг муаммосини эшитиш ва ҳал этиш орқали нафақат бир корхона фаолияти қўллаб-қувватланади, балки янги сармоялар жалб қилиниши, қўшимча иш ўринлари яратилиши ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг юксалишига ҳам хизмат қилади.

Бугунги кунда давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасидаги мулоқотнинг очиқ, шаффоф ва самарали шакллари тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда иқтисодий ислоҳотларнинг изчил давом этишида муҳим омил бўлиб қолмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири