Парламент қуйи палатасининг мажлисида иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат бўйича Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Назира Мухторова батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунда биринчи икки соати учун камида 1,5 ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун камида 2 ҳисса миқдорида (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда – ҳар бир соати учун камида икки ҳисса миқдорда) ҳақ тўланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда – бир кунда икки соатдан) ошмаслиги кераклиги назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ходимларнинг қўшимча даромад олиш имкониятини таъминлаш ҳамда уларни норасмий иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиш ҳолатларини камайтириш мақсадида қонун лойиҳасида иш вақтидан ташқари ишларнинг давомийлигини йилига 120 соат билан чекловчи нормани бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Иш вақтидан ташқари ишнинг даромадлари таҳлил қилинганда, 5 кунлик ишлайдиган ходимнинг даромадлари йиллик лимит белгиланганига нисбатан 2,8 баробар, 6 кун ишлайдиганларнинг даромади эса 3,8 баробарга ошиши мумкинлиги аниқланди.
Муҳокамалар давомида ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари таъминланишига, ташкилотларда иш унумдорлигини ошириш ва ходимларнинг даромадлари кўпайишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА