Иш излаганга имконият, тадбиркорга эса кўмак берилди
Инсон учун ўз меҳнати билан даромад топиш, оиласи фаровонлигини таъминлаш ва келажак режаларини мустақил амалга оширишдан улуғроқ имконият борми? Албатта, йўқ. Шу боис бугун аҳолини иш билан таъминлаш, ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга эга вазифага айланмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, хонадонларда даромад манбаларини кўпайтириш ва тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда фуқарога тайёр ёрдам бериш билан бирга, унинг ўз меҳнати орқали барқарор даромад топиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро вилоятининг Вобкент туманида ташкил этилган навбатдаги кўргазма ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди.
Вобкент туман ҳокимлиги ҳамда Халқ банки ҳамкорлигида Марказий деҳқон бозори автотураргоҳ майдонида ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ўз тадбиркорлигини бошлаш ёки мавжуд фаолиятини кенгайтириш истагидаги аҳоли учун имтиёзли кредит ва ссудалар асосида харид қилиш мумкин бўлган мини-технологиялар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма оддий намойиш эмас, балки аҳоли учун “имкониятлар майдони”га айланди.
Бу ерда иш қидираётган фуқаро бўш иш ўринлари билан танишди, тадбиркорлик қилиш ниятидаги инсон эса ўз фаолияти учун зарур бўлган технологияларни кўздан кечирди. Энг муҳими, одамлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мутасаддилардан бевосита жойида маълумот олиш имкониятига эга бўлишди.

Тадбирда тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Иш излаётган фуқароларга турли йўналишларда меҳнат қилиш имкониятлари таклиф қилинди. Бу эса ишсизлик масаласини фақат статистик кўрсаткич сифатида эмас, балки ҳар бир инсоннинг тақдири, оиласи ва келажаги билан боғлиқ муҳим масала сифатида ҳал этишга қаратилган ёндашувдир. Зеро, бир кишининг ишли бўлиши — бир оиланинг даромади ошиши, фарзандлар таълими ва эҳтиёжлари учун қўшимча имконият пайдо бўлиши, маҳаллада ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланиши демакдир.
Кўргазманинг яна бир муҳим жиҳати — қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида кенг қўлланиладиган замонавий мини-технологияларнинг намойиш этилганидир. Бугун замонавий технологиялардан фойдаланиш тадбиркорликни йўлга қўйишда муҳим омилга айланмоқда. Илгари катта маблағ ва мураккаб инфратузилмани талаб қилган айрим иш турларини энди нисбатан ихчам ва самарали ускуналар ёрдамида ташкил этиш мумкин. Шу жиҳатдан кўргазмада намойиш этилган мини-технологиялар ўз бизнесини бошлашни истаган фуқаролар учун айни муддао бўлди. Эътиборлиси, ушбу технологияларни узоқ муддатли ва арзонлаштирилган имтиёзлар асосида харид қилиш имкониятлари ҳам тушунтирилди. Бу — “менда маблағ йўқ, шунинг учун бизнес бошлай олмайман” деган қараш ўрнига, “имконият бор экан, ҳаракат қиламан”, деган ишончни шакллантиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида иш ўринларига қизиқиш билдирган, мини-технологиялар хариди орқали ўз фаолиятини йўлга қўйиш ёки мавжуд тадбиркорлигини кенгайтириш истагида бўлган юздан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари жойида кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаат ортида эса алоҳида тақдир, режа ва ният бор. Кимдир иш қидираётган бўлса, яна кимдир ўзининг кичик ишлаб чиқаришини йўлга қўйишни, бошқаси эса мавжуд фаолиятини кенгайтиришни истайди. Шу боис мурожаатларнинг жойида ўрганилиши ва ҳар бир фуқарога амалий ечим таклиф этилиши тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди.

Халқ банки агентлари томонидан фуқароларга имтиёзли кредит ва ссудалар олиш шартлари, улардан фойдаланиш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва кенгайтиришда банк билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Бу каби учрашувларнинг аҳамияти шундаки, фуқаро кредит олишнинг ўзи эмас, балки маблағни қандай мақсадга йўналтириш, қандай технология харид қилиш, қандай фаолият орқали даромад олиш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотга эга бўлади. Яъни молиявий кўмак тадбиркорлик ташаббуси билан уйғунлашганда, кредит оддий маблағ эмас, янги иш ўрни, янги даромад ва янги имконият манбаига айланади. Бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда: инсонни доимий равишда ёрдам кутиб яшайдиган эмас, балки ўз меҳнати, билими ва тадбиркорлик ташаббуси орқали даромад топа оладиган фаол субъектга айлантириш. Вобкентдаги ушбу тадбир ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Бир майдонда иш берувчи ва иш изловчи учрашди. Тадбиркор ва банк вакили мулоқот қилди. Замонавий технология билан қизиққан фуқаро уни қандай шартларда харид қилиш мумкинлигини билди. Энг муҳими, одамлар ўз ғояларини амалга ошириш учун қаерга ва кимга мурожаат қилиш кераклигини англади. Бу эса катта натижанинг бошланишидир.
Аслида, ҳар қандай катта тадбиркорлик ҳам бир вақтлар кичик ғоядан бошланган. Бир ускуна, бир иш жойи, бир буюртма, бир ташаббус — вақт ўтиши билан ўнлаб, ҳатто юзлаб инсонлар учун даромад манбаига айланиши мумкин.

Шу маънода Вобкентдаги мазкур кўргазмада намойиш этилган ҳар бир мини-технология ортида фақат техника эмас, балки янги касб, янги иш ўрни, янги оилавий даромад ва янги тадбиркорлик имконияти мужассам.
Давлат раҳбари ташаббуси билан аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар жойларда ана шундай амалий натижалар билан бойиб бораётгани муҳим. Зеро, иш билан таъминланган инсон — ўз келажагига ишонч билан қарайди. Тадбиркорлик бошлаган инсон — нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳам иш билан таъминлайди. Қўллаб-қувватланган ғоя эса эртага маҳалланинг, туманнинг ва бутун ҳудуднинг иқтисодий тараққиётига хизмат қилиши мумкин. Бугун Вобкентда ташкил этилган кўргазманинг энг катта аҳамияти ҳам шунда — у туфайли одамлар имкониятларга эга бўлишди ва бу имкониятлар эса одамларнинг ташвишларини аритишга хизмат қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири