Жорий йил 4 август куни Президентимизнинг “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг маълум қилишича, энди иш берувчилар бандлик органларига мавжуд вакансиялар ҳақида ҳисобот беришга мажбур эмас.
Бандлик органи йўлланмаси билан бўш иш ўрнига келган номзодни ишга қабул қилмаган тақдирда, иш берувчи сабаб келтириши шарт эмас ва бу учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.
Илгари қонунчиликда иш берувчи бўш иш ўринлари ҳақида ҳисобот берса, бандлик маркази йўллаган номзодни рад этганда маъмурий чора қўлланилиши мумкин эди. Шу боис, кўп иш берувчилар вакансия ҳақида маълумотни очиқ тақдим этмасди.
Бу эса меҳнат бозори ҳақида ишончли маълумот етишмаслигига, ҳақиқий талабни таҳлил қилиш ва касбий таълим йўналишларини белгилашда қийинчиликлар юзага келишига олиб келар эди.
Фармонга асосан, ишсизлик нафақасини меҳнат шартномаси бекор қилинган ва сўнгги беш йилда камида 18 ой ишлаган шахслар олишлари мумкин бўлади. Жорий йилнинг 1 ноябридан Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси миқдори оширилади ҳамда уни олиш шартлари ўзгаради.
Ҳужжатга кўра, нафақа фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳамда сўнгги беш йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга тўланади. Нафақа тайинлаш учун меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ярим йил ичида мурожаат қилиш лозим. Бу ҳолда сўнгги 1,5 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобидан уч ой давомида тўлов амалга оширилади.
Ишсизлик нафақасини қайта тайинлаш учун аввалги тайинланган нафақа олиш муддати тугаганидан кейин расмий равишда камида 12 ой ишлаш зарур.
Агар нафақа олувчи бандлик органлари йўлланмаси билан суҳбатга ёки эълон қилинган бўш иш ўринларига бормаса, ёки унга таклиф қилинган мос ишдан бош тортса, нафақа тўлови келгуси ойнинг 1 санасидан тўхтатилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА