Ис газидан заҳарланиш хавфи текширилмоқда
Жиззах вилоятидаги қурилиш объектларида ишчилар хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Унда бошқарманинг Шаҳарсозлик соҳасида профилактика бўлими ходимлари қурилиш жараёнларидаги хавфсизлик талабларига риоя этилишини назорат қилмоқда.
Хусусан, белгиланган меъёрларга амал қилиш, ишчилар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза этиш масалалари тушунтирилмоқда. Шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар берилмоқда.

Ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан ишчилар яшаш жойларидаги хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қурилиш объектлари масъуллари ва ишчиларга ёнғин ҳамда ис газидан заҳарланиш хавфи тушунтирилмоқда.
Жумладан, иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш, электр ва газ жиҳозлари созлигини текшириш зарурлиги таъкидланмоқда. Шамоллатиш тизимларини назорат қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан кўрсатмалар берилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири