Ироқда қанча ноқонуний қурол тўпланиб қолган?
Ироқ ҳукумати биринчи марта бутун мамлакат бўйлаб тахминан 6 миллион қуролни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини яратди.
Ироқ ИИВ Алоқа ва оммавий ахборот воситалари бошқармаси бошлиғи Миқдод Мирий маълум қилишича, дастур доирасида 500 000 дан зиёд қурол рўйхатга олинган, 160 000 дан ортиқ сақлаш ва олиб юриш учун лицензия берилган. Таъкидланишича, “Hashd al-Shaabi” билан алоқадорлиги даъво қилинган 71 хуфия марказ ва 119 қурол дўкони ёпилган.
Шунингдек, расмийлар 143 000 га яқин ўғирланган қуролни кузатяпти, хусусий хавфсизлик компанияларидан 21 000 қурол мусодара қилинди. Мулозим айтишича, ноқонуний қуролларни тўлиқ рўйхатга олиш, назорат қилиш ва мусодара қилиш дастури 2030 йилга қадар амал қилади.
Аслаҳани ихтиёрий равишда рўйхатга олиш муддати 31 декабрда тугайди. Шунгача қайддан ўтмаган қурол ноқонуний ҳисобланади ва эгаси жиноий жавобгарликка тортилади.

Бош вазир Аз-Зайдий ноқонуний қуролни мусодара қилиш ва фақат мамлакат хавфсизлик кучлари қўлида жамлаш бўйича давлат дастури амалга оширилишини айтган. Айни пайт муаммонинг икки эҳтимолий ечими кўриб чиқиляпти. Биринчиси, жараённи тинч йўл билан якунлаш учун қуролли гуруҳлар билан сиёсий муросага келиш, иккинчиси давлат томонидан ушбу гуруҳларни мажбуран қуролсизлантириш бўйича янада қатъий ва кескин чора кўриш.
Режанинг бир қисми сифатида Аз-Зайдий Бағдод жанубидаги стратегик жиҳатдан муҳим Журф Ал-Саҳр минтақасини хавфсизлик кучлари ихтиёрига тўлиқ ўтказишни ҳам кўзлаяпти.

Ҳукумат раҳбари агар гуруҳлар 30 сентябргача қуролини топширишдан бош тортса, мамлакат улар билан жанговар тўқнашувга тайёрлигини билдирган.
Дарвоқе, Бағдод Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (КИСР) билан алоқани кучайтирди. Томонлар ноқонуний қурол айланмаси йўлларини тўсиш ва радикал унсурларга қарши ҳаракатни мувофиқлаштириш чораларини ишлаб чиқмоқда.
Халқаро коалиция кучларини тўлиқ олиб чиқиш муддати ҳисобланган 30 сентябрдан сўнг захирани ноқонуний сақлаш терроризм сифатида таснифланади.
С.Раҳимов, ЎзА