Иқтисодиёт ва молия вазири "Franklin Templeton" вакиллари билан учрашди
Мамлакатимизда давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини такомиллаштириш, уларга хусусий капитални жалб қилиш ва миллий корхоналарни халқаро капитал бозорига олиб чиқишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров "Franklin Templeton" халқаро инвестиция компанияси вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари, давлат иштирокидаги корхоналар самарадорлигини ошириш ва капитал бозорини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) портфелидаги компаниялар фаолиятини трансформация қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, молиявий шаффофликни ошириш ва корхоналарнинг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди.
Шунингдек, айрим корхоналар акцияларини бирламчи оммавий таклиф (IPO) орқали жойлаштиришга тайёрлаш, халқаро капитал бозорларига чиқиш ва институционал инвесторларни жалб этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Бу борада халқаро тажриба ва стандартларни жорий этишнинг аҳамияти қайд этилди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашув якунида томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишларини биргаликда ўрганиш, инвестициявий имкониятларни кенгайтириш ва келгусидаги қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА