Ижтимоий фикр Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида таниқли олима, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, профессор Раъно Убайдуллаеванинг ёрқин хотирасига бағишланган “Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, услублар, амалиёт” мавзуида халқаро илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Профессор Раъно Убайдуллаева Ўзбекистон хотин-қизлари орасида биринчи иқтисодиёт фанлари доктори, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари меҳнат ресурсларидан фойдаланиш, демография ва аҳоли бандлиги масалалари бўйича минтақавий комплекс муаммолар тадқиқчиларидан бири эди.
Илмий-амалий семинарда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг етакчи давлат арбоблари, сиёсатчилар, санъатшунос, иқтисодчи ва ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Олима Р.Убайдуллаева 1998 йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига раҳбар этиб сайланган. 24 йилдан ортиқроқ фаолияти давомида Марказ социология фанининг турли усуллари орқали 650 дан зиёд комплекс тадқиқотлар ўтказди. Олима томонидан жамоатчилик фикри социологияси соҳасида мамлакатда ва хорижда кўплаб монография, методика ва илмий асарлар эълон қилинган.
[gallery-4546]
- Академик Раъно Убайдуллаева мамлакатимиз тараққиётига, демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшиш шарафига муяссар бўлганидан жуда фахрланарди, - дейди Марказ директори Нигина Раҳимова. - Олима то умрининг охиригача ўз идеаллари ва она юртига сидқидилдан садоқат билан хизмат қилиш, ўз соҳасидаги билимларни тинимсиз такомиллаштириб бориш, оиласи, одамлар ва ҳаётни севишдек ҳаётий маслакларига содиқ қолди.
Семинар давомида сўз олганлар таниқли олиманинг самарали изланишлари, илмий фаолияти, Ўзбекистонда жамоатчилик фикри социологиясини ўрганиш, шакллантириш ва ривожлантиришдаги ўрни ҳақида батафсил сўз юритди.
Тадбир доирасида “Академик Раъно Убайдуллаеванинг илмий ва интелектуал мероси” мавзуидаги маъруза тингланиб, олиманинг илмий ва жамоатчилик фаолиятига бағишланган китоб ва видеоролик тақдимоти ўтказилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА