Иқтисодий самарадорлик ва барқарор ўсиш халқаро экспертлар муҳокамасида
Бугун Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё: унумдорликдан фаровонлик сари” халқаро форуми ўтказилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу йирик тадбирга Марказий Осиё давлатлари, етакчи халқаро молия институтлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ҳамда экспертлар таклиф этилди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев, Осиё унумдорлик ташкилоти бош котиби Индра Прадана Сингавината, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенхассин, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) дастур менежери Беате Шорайт ва бошқалар сўзга чиқиб, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва илғор тажрибаларни алмашиш амалий натижалар беришини қайд этди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаевнинг сўзларига кўра, ушбу форум минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва унумдорликни оширишдаги илғор тажрибаларни алмашишга катта имконият яратади.
[gallery-28326]
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев етакчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий иқтисодиётда самарадорликни ошириш ва уни янги сифат босқичига олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Ислоҳотлар доирасида иқтисодий ривожланиш, инфратузилмани модернизация қилиш, маҳсулдорлик ва кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек барқарор ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар нафақат иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, балки халқ фаровонлигини таъминлаш ва Ўзбекистонни минтақада рақобатбардош давлатга айлантиришга хизмат қилади. Шу маънода, бугунги форумда экспертлар ва иштирокчиларнинг фикр алмашиши, янгича лойиҳаларни муҳокама этиши ва барқарор ривожланиш йўналишларини белгилаши минтақада иқтисодий ўсишни таъминлайдиган самарали платформани яратади, – деди У.Обидхўжаев.
Форум доирасида сунъий интеллектни иқтисодиётга кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат корхоналарида замонавий ечим ва технологияларни қўллаш натижасида самарадорликни ошириш бўйича илғор халқаро ва маҳаллий тажрибалар муҳокама қилинди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) дастур менежери Беате Шорайт ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда барқарор иқтисодий ўсиш кузатилаётгани ва ривожланишнинг навбатдаги босқичи маҳсулдорлик, инновация ва малакага кўпроқ таянишни талаб қилаётганига урғу берди.
– Мазкур форумнинг асосий қийматларидан бири шундаки, у маҳсулдорлик ҳақида минтақавий мулоқот учун алоҳида платформа ҳисобланади. GIZ Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларини барқарор ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришда институционал сиёсат ва хусусий секторнинг асосини мустаҳкамлашда қўллаб-қувватлайди. Бу, жумладан, хусусий секторни ривожлантириш ҳамда компаниялар учун амалий усуллар орқали самарадорликни яхшилаш жараёнларини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади. Техник ҳамкорлик агентлиги сифатида биз тўғридан-тўғри ҳукумат ва хусусий сектор билан ҳамкорлик қиламиз. Яшил маҳсулдорлик ва барқарорлик бир-бири билан уйғунлашиши лозим. Чунки, у бизнес самарадорлигини оширади, шу билан бирга, атроф-муҳитга таъсирни камайтиради. Хулоса қилиб айтганда, форум нафақат минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, инновацион тажрибаларни кенг қамровда алмашиш ва барқарор ўсиш йўналишларини белгилашда муҳим омилдир, – деди Беате Шорайт.
Форум натижаларига кўра, мамлакатимиз иқтисодиёти ва бутун минтақа тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга қатор стратегик келишувларга эришилди. Хусусан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида 2026-2027 йилларга мўлжалланган “Хусусий секторни ривожлантириш ва иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси ишга туширилиб, тадбиркорликни ривожлантириш учун 3 миллион евро грант маблағлари ажратилиши белгиланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон томонидан миллий миқёсда самарадорлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган Миллий унумдорлик марказини ташкил этиш бўйича қадамлар ташланган тақдирда мазкур ташаббус GIZ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.
Осиё унумдорлик ташкилоти билан Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Германиянинг илғор унумдорлик стандартларини маҳаллий корхоналарга жорий этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, “Унумдорлик мактабдан бошланади” мавзусида ўтказилган креатив видеороликлар танлови ғолиблари эълон қилиниб, 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг инновацион ёндашувлари рағбатлантирилди. Ғолиблар Германия, Япония ҳамда Туркия давлатларига саёҳат йўлланмаларини қўлга киритди.
Ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштиришда юқори натижаларга эришган энг самарали корхоналар ҳам тақдирланди. Экологик менежмент тизимлари бўйича махсус ўқув курсини муваффақиятли якунлаган мутахассисларга ISO:14001 халқаро сертификатлари топширилди.
Эртага, форумнинг иккинчи кунида иштирокчилар учун Жиззах ва Самарқанд вилоятларига бизнес-ташрифлар уюштириш кўзда тутилган.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари