Иқлим ўзгариши ва экологик хавфсизликнинг илмий ечимлари
Тошкент давлат аграр университетида “Иқлим ўзгариши билан боғлиқ экологик хавфлар ва амалий чоралар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Анжуманда соҳанинг етук олимлари ва ёш тадқиқотчиларнинг мавзуга оид илмий-амалий ишлари тақдим этилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Ҳофизов экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда илмий хулосаларга таяниш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон Экологик партияси ушбу йўналишда изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Анжуман доирасида экологик муаммоларнинг долзарб жиҳатлари, уларнинг ечимлари ҳамда илм-фан ва амалиёт интеграциясига оид масалалар кенг муҳокама қилинди.
Хусусан, аҳолининг экологик онги ва маданиятини юксалтириш, иқлим ўзгариши ва тупроқ деградациясининг олдини олиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, биологик ресурсларни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш каби мавзуларда ўзаро фикр алмашилди, таклифлар билдирилди.
Шунингдек, агросаноат тизимида иқлим ўзгаришининг таъсирини баҳолаш, экологик жараёнларни рақамли технологиялар асосида мониторинг қилиш ва таҳлил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
М.Комилова,
ЎзА