Иқлим инқирози – инсон саломатлигига жиддий хавф
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, иқлим ўзгаришининг инсон саломатлигига салбий таъсирини юмшатиш орқали дунё бўйича ҳар йили 1,6 миллион бевақт ўлимнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун жазирамадан эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш, аҳолини хавфсиз ичимлик суви ва санитария шароитлари билан таъминлаш ҳамда экологик тоза энергия манбаларига ўтиш каби олтита муҳим чорани кенг жорий этиш талаб этилади.
Ташкилот маълумотларига кўра, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга сарфланган ҳар 1 доллар маблағ ўртача 24 долларлик иқтисодий ва ижтимоий фойда келтиради. ЖССТ бош директори Тедрос Гебреисус таъкидлаганидек, иқлим инқирози айни пайтда жиддий соғлиқни сақлаш инқирози ҳам ҳисобланади ва мавжуд имкониятлар орқали тўлиқ олдини олиш мумкин.
***
Тошкент давлат тиббиёт университети мамлакатимизда юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган ва халқаро алоқаларни фаол ривожлантириб келаётган етакчи олий ўқув юртларидан биридир. Университетда Корея Республикасининг «Korea University Guro Hospital» шифохонаси вакиллари билан ўтказилган муҳим учрашувда тиббиёт ва стоматология соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида лаб ва танглай ёриқлари бўлган беморларга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш ҳамда мутахассислар малакасини оширишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу лойиҳа доирасида кореялик шифокорлар юртимизда мастер-класслар ўтказиши, маҳаллий мутахассислар эса билим ва кўникмаларини бойитиб, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаши кўзда тутилган.
***
Республика ОИТСга қарши курашиш марказида Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда соҳа фидойиларининг аҳоли саломатлигини асрашдаги масъулиятли меҳнати эътироф этилиб, бир гуруҳ фаол ходимлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбир доирасида мамлакатимиз бўйлаб ўз йўналишида фаол ишлаётган мутахассисларга «Йилнинг инновацион тарғиботчиси», «Йилнинг фидойи шифокори» каби қатор номинациялар берилди. Байрам таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури ва кўтаринки руҳдаги саҳна чиқишлари билан давом этди.
***
«Pharm Service» ҳамда Япониянинг «Fujikura Kasei», «PHC» ва «Eiken Chemical» компаниялари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистоннинг тиббиёт ва фармацевтика саноатида халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда япон компанияларининг мамлакатимиз бозоридаги иштирокини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда «IVD» маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари, унинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-қоидалари юзасидан фикр алмашилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА