Хабарингиз бор, шу йил 12 февралдаги (ЎРҚ-1028-сон) қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, “Ипотека тўғрисида”ги қонунга ипотека муносабатларига электрон гаров хатини жорий этишни, бундай гаров хати билан таъминланган мажбуриятларни бажаришни, у бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказишни ва ундан фойдаланишга доир бошқа механизмларни белгилашни, шунингдек, талаб қилиш ҳуқуқлари ҳамда гаров хати тугатиш массасига киритилмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси Инвесторлар билан алоқа менежери Улуғбек Искандаров билан ушбу қонун билан аҳолига берилган ипотека кредитларини такрор молиялаштириш учун янги имкониятлар, иккиламчи кам фоизли кредитлар ажратилиши борасида олиб борилаётган ишлар, ипотека кредитини бериш учун узоқ муддатли ресурсларни банкларга жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида суҳбатлашдик.
– “Ипотека тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, эндиликда ипотекани қайта молиялаштириш имконияти кенгаймоқда, – дейди Улуғбек Искандаров. – Яъни, нафақат ипотека кредити, барча кредитлар бўйича талаб қилиш ҳуқуқини гаровга олиш тизими назорат механизми яратилмоқда. Қонун билан ипотека кредитларини талаб қилиш ҳуқуқини қайта молиялаштириш жараёнида янгиликлар пайдо бўлади. Шу вақтгача талаб қилиш ҳуқуқларини гаровга қўйиш амалиёти бор эди. Аммо бунинг назорат механизми йўқ эди. Эндиликда, электрон гаров хатига ўзгартиришлар киритиш гаров хатининг қонуний эгаси ва гаровга қўювчи томонидан электрон гаров хатига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги келишув (қўшимча келишув) шаклини Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тўлдириш орқали амалга оширилади.
Электрон гаров хатлари бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш депо ҳисобварағига тегишли ёзув киритиш орқали амалга оширилади. Электрон гаров хатига доир ҳуқуқлар олувчининг депо ҳисобварағига тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан унга ўтади ва депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.
Компания – электрон гаров хатининг жорий қилинишида асосий ташаббускор. Узоқ давом етган музокаралар, меҳнатлар натижаси ўлароқ эндиликда гаров хатини расмийлаштириш, рўйхатдан ўтказиш ва айланмаси тартиби соддалаштирилади. Бунга кўра, амалдаги қонунчиликда назарда тутилган гаров хати механизмини такомиллаштириш орқали ипотека бозорига узоқ муддатли ресурсларни жалб қилиш ва ипотека кредитини актив сифатида муомалага киритиш мумкин бўлади. Гаров хатини онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказларига бориш орқали расмийлаштириш имконияти, электрон гаров хати консепсияси жорий этилади. Тижорат банкининг банкротлиги/тугаллангани ҳолатида ипотека кредити афзалликларини кафолатлаш ва ипотекани қайта молиялаш доирасида банк мажбуриятларининг таъминоти сифатида гаров хатлари, талаб қилиш ҳуқуқлари банкнинг тугаллаш массасига қўшилмайди.
– Ипотека кредит бериш учун узоқ муддатли ресурс маблағлари керак бўлади. Бу ресурс маблағларни Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси қаердан олади?
– Ҳозирда узоқ муддатли кредитларни компания ички ва ташқи капитал бозоридан оляпти. Компаниянинг функцияси шуки, қисқа муддатли ресурс олса-да, банкларга узоқ муддатли ресурс қилиб беради. Шунинг учун компания 3-6 йиллик жалб қилинган ресурсларни ҳозирги кун шароити билан 10 йил ва ундан юқори муддатларга беришга ҳаракат қиляпти. Яъни, бу тижорий ресурсларда назарда тутиляпти.
Ипотека кредитларини бериш учун ҳозирги кунда узоқ муддатли ресурслар банк тизимида бироз танқис. Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси бу масалани ҳал қилишда икки хил йўналишда иш олиб бормоқда. Биринчиси, маҳаллий капитал бозоридан ресурслар жалб қилиш, иккинчиси, халқаро бозордан ресурслар жалб қилинмоқда. Халқаро бозорлар деганда Халқаро капитал бозори ҳамда халқаро ривожлантириш институтлари кўзда тутилмоқда. Халқаро ривожланиш институтлари, Европа тараққиёт тикланиш банки, Осиё тараққиёт банки шулар жумласидандир.
– Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан 2025 йилда иккиламчи кам фоизли кредитлар банкларга йўналтириладими?
– Ҳозирги кун шароитида арзон ресурс маблағлар топиш қийин масала. Биз шу кунгача ишлаб келган Осиё тараққиёт банки ресурслари суверен қарз эди. Суверен қарз ресурсларини бир маротаба 150 миллион доллар миқдорида олган эдик. Бу ресурсларни 2020 йилдан бошлаб ўзлаштиришни бошлаганмиз. Бу ресурсни муваффақиятли ўзлаштириб бўлдик.
Ҳозирги кунда янги ресурсларни жалб қилиш устида ишлаяпмиз. Халқаро молия корпорациясидан ресурс жалб қилдик. Бугунги кунда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ишлар олиб боряпмиз. Бу борада яқинда янгилик бўлади.
– Ипотека кредитининг кўп ажратилиши уй-жойлар нархи ошишига олиб келмайдими?
Қурилишда “эскроу” тизими жорий қилинмоқда. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади. Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади. Девелоперлар томонидан объектнинг 50 фоизи қурилганда фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотекаси учун ҳам татбиқ этилади.
Қурувчи ташкилотлар қурилишни бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди. “Янги Ўзбекистон” массиви учун берилган ерларнинг 10 фоизи девелоперларга тижорат биноларини қуриши учун ягона лот сифатида савдога чиқарилади.
Мамлакатимизда 2030 йилгача камида 100 та “Янги Ўзбекистон” массивини қуриш режа қилинган. Янги массивлар учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1-2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метр хонадон қурилади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда уй-жой қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Ипотека кредити кўп ажратилса ҳам уй-жой нархи ошмайди. Чунки талаб билан таклиф баробар олиб борилса, уй-жой нархи ошмайди. Аксинча тушади.
<div style="left: 0; width: 100%; height: 0; position: relative; padding-bottom: 56.25%;"><iframe src="https://www.youtube.com/embed/jn_d2SKiq-4?rel=0" style="top: 0; left: 0; width: 100%; height: 100%; position: absolute; border: 0;" allowfullscreen scrolling="no" allow="accelerometer; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share;"></iframe></div>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА