Маълумки, сўнги вақтларда юртдошларимиз томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадида мобил қурилмаларни олиб кириш жараёнида тўловлар билан боғлиқ саволлар кўпаймоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги 244-сон қарори билан жисмоний шахслар шахсий эҳтиёжи учун олиб кирадиган товарлар учун божсиз олиб кириш меъёрлари қуйидагича белгиланган.
Ҳаво транспорти орқали — 1000 АҚШ долларигача, Темир йўл ва дарё транспорти орқали — 500 АҚШ долларигача, автомобиль ёки пиёда ўтказиш пунктлари орқали — 300 АҚШ долларигача белгиланган.
Агар мобил қурилманинг қиймати белгиланган нормадан ошса, меъёрдан ортиқ қисмга нисбатан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 55-сон қарорига мувофиқ, божхона органлари томонидан божхона кирим ордерини тўлдириш ва расмийлаштириш учун БҲМнинг 25 фоизи (103 000 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Мобил қурилманинг божхона қиймати чек, квитанция ёки бошқа тижорат ҳужжатларида кўрсатилган нархлардан келиб чиқиб белгиланади.
Агар шахс товар қийматини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаса, божхона органи мустақил равишда қийматни белгилайди. Бу ҳолда улар қўлидаги электрон декларация базаси маълумотлари ёки муқобил манбалар (ишлаб чиқарувчи компаниялар нархлари, расмий прейс-листлар, бюллетенлар ва бошқалар)дан фойдаланади.
Масалан, фуқаро томонидан "iPhone 17" олиб кирилганда, агар чегарада чек ёки квитанция тақдим этилса, божхона қиймати айнан шундай ҳужжатлардаги сумма асосида белгиланади.
Агар ҳужжатлар бўлмаса, нарх ишлаб чиқарувчи "Apple" компаниясининг фуқаро келган давлатдаги расмий сайтидаги маълумотлар асосида ҳисобланади.
Шунингдек, қурилманинг божхона қиймати уни олиб кирилаётган давлатдаги бозор нархлари билан ҳам боғлиқ бўлади.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, "iPhone 17" моделини божхона расмийлаштиришда қўлланилаётган қийматлар фуқаролар уни асосан олиб келаётган давлатлар кесимида аниқланмоқда.
Янги маълумотлар ва давлатлар бўйича нархлар янгиланганда қўшимча расмий ахборот тақдим этилади.
Фуқаролар учун мобил қурилмаларни олиб киришдаги божхона тартиблари аниқлаштирилди. Асосий тавсия — чек ва тижорат ҳужжатларини сақлаш ҳамда божхонада уларни тақдим этиш. Бу орқали ортиқча тўлов ва ноаниқликларнинг олди олинади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА