Иорданияда ўзбек дзюдосининг янги номлари кашф этилди
Иорданиянинг Амман шаҳрида дзюдо бўйича ўтган Осиё чемпионатида муваффақиятга эришган Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси аъзолари юртимизга қайтиб келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида музаффар дзюдочиларимиз тантанали кутиб олинди.
Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасадди ва мутахассислари, истеъдодли спортчиларимизнинг ота-оналари иштирок этган кутиб олиш маросимида таъкидланганидек, ёш спортчиларимиз 18 та олтин, 6 та кумуш, 11 та бронза медаль билан Осиё давлатлари орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллагани мамлакатимизда профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимида самарали ишлар олиб борилаётганининг амалий ифодаси бўлди.

Эътиборли жиҳати, мазкур қитъа биринчилигида совринли ўринларни эгаллаган спортчиларимиз юртимизда ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” комплекс мусобақаларида, мамлакат биринчиликларида сараланган, тобланган ёшлардир.
Айнан улар келгусида катталар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионатлари, ёзги Олимпия ўйинларида ўзбек спортининг янги вакиллари бўлиб ватанимиз номини халқаро майдонларда улуғласа, не тонг.
Т.Рўзиев,
ЎзА