Инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди
Сирдарё вилоятида балиқчилик ва паррандачилик соҳаларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга қаратилган янги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг “Haid International Holdings Limited” компанияси ижрочи директори Чжан Гуйцзюнь билан учрашувида мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Айни пайтда компания томонидан вилоятда 92 гектар майдонда балиқчилик лойиҳаси амалга оширилмоқда. Учрашувда лойиҳа кўламини кенгайтириш мақсадида қўшимча 200 гектар ер майдонини жалб этиш бўйича инвесторлар ташаббуси кўриб чиқилди.
Вилоят раҳбари балиқчиликни кооперация асосида ривожлантириш, маҳаллий аҳолини Хитойнинг замонавий балиқ етиштириш технологияларига ўргатиш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб этиш бўйича таклифларни илгари сурди. Бундай ёндашув соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда балиқ еми ишлаб чиқариш заводи ҳамда тухум етиштиришга ихтисослашган паррандачилик мажмуасини ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди. Ушбу ташаббуслар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кенгайтириш, озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Сирдарё вилоятида балиқчилик ва паррандачилик соҳаларида замонавий ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири